Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашди.
Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги туристик алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, янги туристик йўналишлар ва қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар икки давлат халқларини умумий тарих, тил, маданият ва қадриятлар бирлаштириб туришини таъкидлади. Қайд этилганидек, бу яқинлик туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади.
Учрашувда Туркиянинг туристик ҳудудларни бошқариш, меҳмонхона хўжалиги, маданий меросни асраб-авайлаш ва гастрономик туризмни ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, зиёрат туризми, Ислом цивилизацияси мероси билан боғлиқ туризм ҳамда MICE-туризм йўналишларида қўшма туристик маҳсулотлар яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, томонлар оммавий ахборот воситалари ва блогерлар вакиллари учун ўзаро танишув сафарларини ташкил этиш, икки мамлакатнинг туристик имкониятларини халқаро ахборот маконида кенгроқ тарғиб қилиш, шунингдек, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси (Joint Action Plan) имзоланди.
Ҳужжатда ўзаро туристик алмашинувни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш, қўшма туристик йўналишларни шакллантириш, халқаро тадбирларда биргаликда иштирок этиш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда Ўзбекистон ҳудудларининг туристик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган аниқ ҳамкорлик йўналишлари назарда тутилган.
Эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги туристик муносабатларни янги амалий ташаббуслар билан бойитиш, Туркиядан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим асос яратади.