Туризм

Нукусда 5 км узунликдаги BRT тезкор автобус йўлаги қурилади

Нукусда 5 км узунликдаги BRT тезкор автобус йўлаги қурилади
Нукусда 5 км узунликдаги BRT тезкор автобус йўлаги қурилади / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нукусда 2027 йил охирига қадар узунлиги 5 километр бўлган BRT тезкор автобус транспорти учун махсус йўлакни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Президенти қарори лойиҳасида тақдим этилган 2030 йилгача маҳаллий йўловчи ташишни ривожлантириш стратегиясида назарда тутилган.

Махсус йўлак йўловчилар оқими юқори бўлган Е. Алакуз кўчасининг Қорақалпоғистон кўчаси билан чорраҳасидан Чимбой шоссеси билан кесишмасигача бўлган қисмида қурилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун транспорт моделини, техник ечимларни ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш зарур.

Молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг грантларини жалб қилиш кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш учун масъул этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Транспорт вазирлиги белгиланган.

Ўзбекистонда олтита транспорт узели ташкил этилади

Стратегия лойиҳасида темир йўл вокзаллари, аэропортлар ва автовокзалларни бирлаштирадиган олтита транспорт узелини ташкил этиш назарда тутилган. Уларни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Фарғона шаҳарларида жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Режага кўра, битта транспорт узели 2027 йилда, учтаси 2028 йилда ва тўрттаси 2029 йилда фойдаланишга топширилиши керак. 2030 йилга қадар олтита объектнинг барчасини ташкил этишни якунлаш режалаштирилган. Қурилиш ишларини тадбиркорлар маблағлари ва давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Электробуслар улуши 30 фоизга етказилади

Стратегиянинг яна бир мақсади — Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида жамоат транспортида электробуслар улушини 2025 йилдаги 15 фоиздан 2030 йилга қадар 30 фоизга ошириш.

Оралиқ мақсадли кўрсаткичлар 2026 йилда 16 фоиз, 2027 йилда 20 фоиз, 2028 йилда 22 фоиз ва 2029 йилда 25 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун электробуслар ва қувватлаш инфратузилмасига бўлган эҳтиёжни баҳолаш, шунингдек, харидларнинг аниқ манзилли режасини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Ҳужжатда Нукус, Тошкент ва барча вилоят марказлари учун транспорт ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг бош режалари ишлаб чиқилгани ҳам қайд этилган.

Стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар қаторида BRT махсус йўлакларига эга транспорт коридорлари тармоғини кенгайтириш ва интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш белгиланган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.