Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Turkish Airlines авиакомпанияси Бошқарув кенгаши ва Ижроия қўмитаси раиси, профессор Мурат Шекер ҳамда авиакомпаниянинг тижорат масалалари бўйича директори Аҳмет Ҳарун Бастюрк билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида авиакомпаниянинг кенг халқаро йўналишлар тармоғи орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, амалдаги авиақатновлардан самарали фойдаланиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, MICE-туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, махсус туристик пакетлар ва авиачипталар учун акциявий тарифларни ишлаб чиқиш, хорижий туроператорлар билан B2B учрашувлар ўтказиш, халқаро реклама ва ахборот тадбирларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув якунида Туризм қўмитаси ва Turkish Airlines ўртасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро бозорларда тарғиб қилиш ҳамда мамлакатга сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида хорижий бозорларда қўшма реклама кампанияларини ўтказиш, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва туристик диққатга сазовор жойлари ҳақида видеоматериаллар тайёрлаш, хорижлик блогерлар ва журналистлар учун ахборот сафарларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Turkish Airlines авиакомпанияси парвозларни амалга оширадиган, бироқ Ўзбекистон миллий авиакомпаниялари қатнамайдиган йўналишларда мамлакатнинг туристик салоҳиятини биргаликда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, мамлакатнинг асосий туристик шаҳарларига йўловчилар оқимини кўпайтириш мақсадида авиачипталар учун мавсумий акциялар ва қўшимча имтиёзлар жорий этиш режалаштирилган.
Ўзбекистонни жозибадор туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш авиакомпаниянинг ахборот каналлари, электрон хабарномалари, мобил иловалари ва мижозлар учун мўлжалланган содиқлик дастурлари орқали ҳам амалга оширилади.
Маълумот учун, Turkish Airlines авиакомпанияси дунёнинг 133 та мамлакатидаги 358 та йўналиш бўйича парвозларни амалга оширади. 2025 йилда авиакомпания 92,6 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатган.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг халқаро туристик бозордаги танилувчанлигини ошириш ва мамлакатга хорижий сайёҳлар оқимини жалб қилишга хизмат қилади.