7
Туризм

Беларусь Тошкентдаги туристик форумга делегация юборади

Беларусь Тошкентдаги туристик форумга делегация юборади
Беларусь Тошкентдаги туристик форумга делегация юборади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусь 26 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган II Ўзбекистон — Беларусь туристик форумига 25 га яқин ташкилот вакилларидан иборат делегация юборади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Беларусь оммавий ахборот воситалари, шунингдек, делегациянинг «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туристик ярмаркаси (ТХТЯ-2026)да иштирок этишга тайёргарлигини ёритмоқда. Ярмарка 25–27 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

«БЕЛТА» давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, расмий ва ишбилармонлик делегацияси таркибига туризм соҳаси вакиллари киради. Улар орасида республика ва ҳудудий бошқарув органлари, тармоқ жамоат бирлашмалари, санаторий-курорт муассасалари, меҳмонхона бизнеси ва йирик туроператорлар раҳбарлари бор.

Халқаро ярмаркада Беларусь ўзининг миллий стендини тақдим этади. У мамлакатнинг туристик салоҳиятини намойиш этиш, B2B форматида ишбилармонлик музокараларини ўтказиш ва тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун майдон вазифасини бажаради.

Аввалроқ «БЕЛТА» Ўзбекистон ва Беларусь қўшма комбинациялашган туристик йўналишларни ишлаб чиқишдан манфаатдор эканини хабар қилган эди. Томонлар, шунингдек, тўғридан-тўғри тижорат шартномаларини тузишни мақсад қилган.

«СБ. Беларусь сегодня» нашри икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик давлат идоралари даражасида ҳам, бизнес вакиллари ўртасида ҳам ривожланаётганини таъкидлайди.

Ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири 2026 йил июль ойида туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланиши бўлди. Ҳужжат Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Беларусь Миллий туризм агентлиги томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Минскка расмий ташрифи давомида имзоланган.

Нашр, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг Беларусга бўлган барқарор қизиқишига эътибор қаратмоқда. Бир неча йилдан буён Ўзбекистон ушбу республикага ташриф буюрувчилар сони бўйича кучли ўнталикка киради.

Беларусь Туристик ташкилотлар республика иттифоқи портали икки томонлама ҳамкорликнинг бир нечта истиқболли йўналишини ажратиб кўрсатган. Улар қаторига маданий-маърифий саёҳатлар, оилавий дам олиш, тиббий туризм ва санаторий-курорт соғломлаштириш хизматлари киради.

Беларусь оммавий ахборот воситалари Тошкентдаги тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги туристик алоқаларни кенгайтиришга ва ўзаро саёҳатларни ривожлантиришга амалий туртки беришини кутмоқда.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.