7
Туризм

Ўзбекистон туристик хизматлари экспорти 49,5 фоизга ошди

Ўзбекистон туристик хизматлари экспорти 49,5 фоизга ошди
Ўзбекистон туристик хизматлари экспорти 49,5 фоизга ошди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–октябрь ойларида Ўзбекистон 6 миллиард 75,7 миллион долларлик туристик хизматлар экспортини амалга оширди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49,5 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.

Экспорт тушуми қайси мамлакатлар ҳиссасига тўғри келди?

Марказий Осиё мамлакатлари ушбу экспортнинг 44,4 фоизини ёки 2,7 миллиард долларини таъминлади. Қолган давлатлар ҳиссасига эса 55,6 фоиз ёки 3,4 миллиард доллар тўғри келди.

Туристик хизматлар республика умумий экспортининг 20 фоизини ташкил этди.

Сайёҳлар сони 19,4 фоизга ошди

Ўн ой давомида Ўзбекистонга туристик мақсадларда 11 миллион 622,1 минг нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,9 миллион нафарга ёки 19,4 фоизга кўп.

Қўмита маълумотларига кўра, қатор мамлакатлардан келган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошган. Энг кўп сайёҳ Россиядан келган — 1 миллион 104,1 минг нафар. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 1,3 баравар кўп. Хитойдан 430,3 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган, бу икки баравар ўсишни англатади. Туркиядан келганлар сони эса 169,6 минг нафарни ташкил этиб, 15 фоизга ошган.

Европа мамлакатлари орасида Германиядан 50,8 минг нафар (+26%), Франциядан 32,9 минг нафар (+20%), Буюк Британиядан эса 30,2 минг нафар (+26%) сайёҳ келган.

АҚШдан 47,3 минг нафар фуқаро ташриф буюрган, бу ўтган йилга нисбатан 1,4 баравар кўп. Япониядан келган сайёҳлар сони 42,8 минг нафарни ташкил этиб, 1,5 баравар ошган.

Малайзиядан 15,9 минг нафар сайёҳ келган (1,7 баравар ўсиш), Индонезиядан эса 10,5 минг нафар (1,6 баравар ўсиш) ташриф буюрган. Мисрдан келган меҳмонлар сони 7,5 минг нафарга етиб, 1,9 баравар кўпайган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.