Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда Халқаро туристик инвестиция форуми, 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» ҳамда Барқарор ва бардошли туризм халқаро йилининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.
Бўлажак тадбирлар дастури Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган бизнес-нонуштада тақдим этилди.
Учрашув иштирокчиларига, шунингдек, туризм соҳасининг инвестициявий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Аккулов Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг давлат идоралари, бизнес вакиллари, инвесторлари ҳамда туризм бозори иштирокчилари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда дипломатик ваколатхоналар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Учрашувда тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилдаги қарийб 2 миллион нафардан 2025 йилда 11,7 миллион нафарга етган.
Бу даврда туристик хизматлар экспорти 531 миллион доллардан 4,8 миллиард долларга ошган. 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида мамлакатга 11,6 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган, туристик хизматлар экспорти эса 6,1 миллиард долларга етган.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ, 2030 йилгача хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга етказиш, шунингдек, уларнинг ўртача харажатлари ва мамлакатда бўлиш муддатини ошириш режалаштирилган.
Дастурнинг асосий тадбирларидан бири 25 ноябрь куни очиладиган биринчи Халқаро туристик инвестиция форуми бўлади. Унда иштирокчиларга туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳалар ва сармоя киритиш имкониятлари тақдим этилади.
Форум дастуридан инвестициявий муҳит, транспорт ва логистика, тиббий туризм, халқаро меҳмонхона брендлари, киноиндустрия ва туризм ҳамкорлиги, давлат-хусусий шериклик, туристик ҳудудларни ривожлантириш, тоғ ва хавфсиз туризм, Марказий Осиёда трансчегаравий туризм, барқарор туризм ҳамда сунъий интеллект мавзуларига бағишланган 11 та тематик сессия ўрин олган.
Шунингдек, Tourism Hackathon ўтказилиши режалаштирилган.
Инвесторларга тақдим этиш учун олтита йўналиш бўйича 112 та лойиҳадан иборат портфель шакллантирилган.
Унга меҳмонхона бизнеси ва туристик инфратузилма соҳасидаги 53 та, маданий-тарихий мерос объектларига оид 11 та, экотуризм ва экстремал туризм, шунингдек, тиббий ва соғломлаштириш туризми йўналишларида еттитадан, кўнгилочар ва оилавий инфратузилма бўйича 30 та ҳамда транспорт инфратузилмаси соҳасидаги тўртта лойиҳа киритилган.
Форум доирасида инвестиция имкониятлари ва лойиҳаларнинг тайёрлик даражасини муҳокама қилиш, шунингдек, олдиндан келишилган B2B ва B2G форматларидаги учрашувларни ўтказиш режалаштирилган.
25–27 ноябрь кунлари 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» ҳам бўлиб ўтади. Унинг учун 10 минг квадрат метр майдонга эга кўргазма ҳудуди тайёрланади.
Ярмаркада 15 мингдан ортиқ ташриф буюрувчи, 65 нафардан зиёд хорижий харидор (hosted buyers) ва 100 дан ортиқ компания иштирок этиши кутилмоқда. Илк бор 40 дан зиёд рақамли туризм компаниясини бирлаштирган технологик экотизим тақдим этилади.
Ярмарканинг ишбилармонлик дастури Туризм вазирлари форуми, ICCA ассоциациялари ва бизнес тадбирлар форуми, Global Media Campus, Silk Road Tourism Awards, Uzbekistan Hospitality B2B Platform ҳамда Ўзбекистон — Беларусь туризм форумларини қамраб олади. Бундан ташқари, ишбилармонлик учрашувлари, халқаро музокаралар ва Tourism Hackathon ўтказилиши режалаштирилган.
Ташкилотчилар меҳмонхона бизнеси, тиббий ва соғломлаштириш туризми, маданият, кўнгилочар саноат, транспорт ҳамда экотуризм соҳаларида 25 дан ортиқ келишувга эришишни мақсад қилган.
Дастурнинг яна бир муҳим тадбири — 2027 йил Барқарор ва бардошли туризм халқаро йилининг очилиш маросими бўлади. У 27 ноябрь куни БМТ Туризм ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилади.
2027 йилни Барқарор ва бардошли туризм халқаро йили деб эълон қилиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Тегишли 78/260-сонли резолюция 2024 йил 26 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ташкилотга аъзо 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилинган.
Ташаббусдан кўзланган мақсад — барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, иш ўринлари яратиш, ижтимоий фаровонликни ошириш ва маданий алмашинувни ривожлантиришда туризмнинг ролини мустаҳкамлаш. Бунда соҳанинг пандемиялар, геосиёсий инқирозлар, табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига нисбатан бардошлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тошкент Халқаро йил глобал дастурининг биринчи тадбири ўтказиладиган шаҳар бўлади.
Очилиш маросимида туризм вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа бошқа иштирокчиларининг қатнашиши кутилмоқда.
Дастурдан вазирлар учрашуви, тематик муҳокамалар ва Ўзбекистоннинг туристик объектларига ташриф буюриш ҳам ўрин олган.