Шошилинч
Спорт

Жавоҳир Синдаров шахмат тожи учун баҳсга тайёрланмоқда

Жавоҳир Синдаров шахмат тожи учун баҳсга тайёрланмоқда
Жавоҳир Синдаров шахмат тожи учун баҳсга тайёрланмоқда / Фото: Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун ўтказиладиган баҳсга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) хабар берди.

ФИДЕ 13 ноябрь куни эълон қилган мақоласида Синдаровнинг шахматдаги фаолияти, эришган ютуқлари ва спорт биографиясидаги энг муҳим учрашувга тайёргарлиги ҳақида сўз юритди.

Жавоҳир Синдаров 2005 йил 8 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. У шахмат қоидаларини тўрт ёшида ўзлаштирган.

Кўп ўтмай, у етти ёшгача бўлган болалар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб бўлди.

2017 йил октябрь ойида Синдаров халқаро мастер унвонини олди. Бир йил ўтиб эса унга гроссмейстер унвони берилди.

12 ёш, 10 ой ва 8 кунлигида у ўша вақтда ушбу унвонга эришган тарихдаги иккинчи энг ёш шахматчига айланди.

2019 йилда Синдаров 12 имкониятдан 10 очко тўплаб, Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Кейинчалик у 2021 ва 2024 йиллардаги миллий чемпионатларда ҳам ушбу натижани такрорлади.

2021 йил бошида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатни жаҳон шахматининг етакчи марказларидан бири сифатида ривожлантиришни ҳам назарда тутувчи қарорни имзолади.

ФИДЕ баҳосига кўра, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури ўзбекистонлик етакчи шахматчиларнинг камол топиши учун зарур шароитларни яратишга ёрдам берди. Бир муддат ноаниқлик даврини бошдан кечирган Синдаров шахматга тўлиқ эътибор қаратишга қарор қилди.

Унинг илк йирик халқаро муваффақияти 2021 йилда Сочида ўтказилган Жаҳон кубогида қайд этилди. Мусобақанинг иккинчи босқичида Синдаров кутилмаганда турнир фаворитларидан бири Алиреза Фирузжони мағлуб этиб, уни мусобақадан чиқариб юборди.

2022 йилда Синдаров Ченнайда ўтказилган шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этди. Учинчи тахтада ўйнаб, 10 та партияда 6,5 очко тўплади ва Ўзбекистон жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшди. Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Олимпиада олтин медалини қўлга киритди.

2023 йилда шахматчи жаҳон рейтингида юқорилашда давом этди. У Бокудаги Жаҳон кубоги ва Ханчжоудаги Осиё ўйинларида юқори натижалар кўрсатди. Йил охирига келиб унинг рейтинги 2700 очкодан ошди.

Унинг фаолиятидаги ҳал қилувчи босқич 2025 йилга тўғри келди. Бир нечта турнирдаги муваффақиятли иштирокидан сўнг Синдаров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубогида ғолиб бўлди. Ушбу ғалаба унга Даъвогарлар турнирида иштирок этиш ҳуқуқини берди.

Мусобақа 2026 йил март ва апрель ойларида Кипрда бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг энг кучли саккиз нафар шахматчиси амалдаги жаҳон чемпиони билан учрашиш ҳуқуқи учун баҳс олиб борди. Синдаров дастлабки олти партиянинг бештасида ғалаба қозониб, якунда биринчи ўринни эгаллади.

Бу ғалаба ўзбекистонлик гроссмейстерга Гукеш Доммаражу билан жаҳон чемпиони унвони учун баҳслашиш ҳуқуқини берди. Salesforce FIDE World Championship Match 2026 учрашуви 2026 йил охирига белгиланган.

2026 йил сентябрь ойида Самарқандда ўтказилган шахмат Олимпиадаси натижалари ҳам Синдаровга қўшимча ишонч бағишламоқда. У иккинчи тахтада иштирок этиб, 10 та партияда етти очко тўплади ва индивидуал бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги иккинчи Олимпиада олтин медалини қўлга киритди.

ФИДЕ Синдаров ўйинининг бир нечта кучли жиҳатларини қайд этади: ҳужумкор услуб, вариантларни ҳисоблашда юқори тезлик ва аниқлик, шунингдек, тактик тайёргарлик. Бўлажак учрашувда ҳар икки иштирокчининг дебют тайёргарлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мақола муаллифининг баҳолашича, психологик барқарорлик ушбу қарама-қаршиликнинг асосий омилларидан бири бўлади. Ҳар икки шахматчи ҳам босимга дош бериш ва муваффақиятсиз партиялардан кейин яна курашга қайтиш қобилиятига эга.

Шу билан бирга, сўнгги натижалар Синдаровга психологик устунлик бериши мумкин. Бироқ учрашув натижаси рақибларнинг дастлабки партияларни қандай ўтказиши ва жаҳон чемпиони унвони учун кураш босимига қай даражада дош бера олишига ҳам боғлиқ бўлади. ФИДЕ мақоласини Янник Пеллетье тайёрлаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.