Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро «Ипак йўлида туризм — ТМТЯ 2026» туристик ярмаркаси 25–27 ноябрь кунлари CAEx Uzbekistan кўргазма марказида бўлиб ўтади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчилари хабар берди.
31-марта ўтказилаётган ярмаркада туризм ташкилотлари вакиллари, туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона тармоқлари, курортлар, инвесторлар ҳамда туристик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар иштирок этади.
Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси, қўмита ҳузуридаги Миллий PR-марказ ҳамда Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилмоқда. Ярмарка Бутунжаҳон туризм ташкилоти — UN Tourism иштирокида ўтказилади.
Ишбилармонлик дастурининг марказий тадбири Халқаро туристик инвестиция форуми бўлади. Унда иштирокчилар инвестиция лойиҳалари, ҳамкорликнинг янги имкониятлари ва туризм соҳасини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Кўргазмада туристик йўналишлар ва маршрутлар, туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхоналар ҳамда курортларнинг махсус таклифлари намойиш этилади. Алоҳида бўлимлар соғломлаштириш, экологик ва гастрономик туризм, шунингдек, саёҳатчилар учун рақамли хизматларга бағишланади.
Дастурдан мамлакатлар ва Ўзбекистон ҳудудлари тақдимотлари, B2B форматидаги ишбилармонлик учрашувлари, форумлар ҳамда соҳа экспертлари иштирокидаги панель муҳокамалари ҳам ўрин олган. Ташриф буюрувчилар турли мамлакатларнинг миллий ҳунармандчилиги ва таомлари билан танишишлари мумкин бўлади.
Озарбайжон, Беларусь, Гонконг, Грузия, Қирғизистон, Малайзия, Таиланд, Туркия ва Чехия миллий павильонлар билан иштирок этади.
Ажария Грузиянинг Қора денгиз бўйидаги минтақасига хос курорт имкониятлари ва туристик маҳсулотларини тақдим этади. Беларусь санаторий-курорт дам олиши, маданий мероси, экологик ва гастрономик маршрутлари ҳақида маълумот беради.
Малайзия Visit Malaysia 2026–2027 миллий туристик кампаниясини тақдим этади. Гонконг эса шаҳарнинг туристик имкониятларига бағишланган «Фақат Гонконгда» лойиҳаси билан иштирок этади.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасини ҳам ўз ичига олган барча 14 та ҳудуди ҳам намойиш этилади.
Ташкилотчилар ярмарка миллий туристик ташкилотлар, компаниялар ва халқаро ҳамкорлар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш майдонига айланишини кутмоқда. Иштирокчилар қўшма лойиҳалар ва истиқболли туристик маршрутларни муҳокама қилиш имконига эга бўладилар.
Тадбир соҳа мутахассислари ва бизнес вакиллари билан бир қаторда саёҳатчилар учун ҳам мўлжалланган. Улар турли мамлакатларнинг туристик таклифлари билан танишиб, дам олиш вариантларини танлашлари мумкин бўлади.