Ўзбекистон

Мирзиёев IJF раҳбари билан Ўзбекистонда дзюдони ривожлантириш масаласини муҳокама қилди

Мирзиёев IJF раҳбари билан Ўзбекистонда дзюдони ривожлантириш масаласини муҳокама қилди
Мирзиёев IJF раҳбари билан Ўзбекистонда дзюдони ривожлантириш масаласини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати муносабати билан мамлакатимизда бўлиб турган Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визерни қабул қилди.

Учрашувда ушбу нуфузли федерация билан миллий дзюдо мактабини ривожлантириш ва ёш спортчиларни тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Тошкент жаҳоннинг нуфузли дзюдо марказларидан бирига айланиб бораётгани таъкидланди. Сўнгги уч йилда мамлакатимизда 4 минг нафардан зиёд спортчи иштирокида 10 та халқаро мусобақа ўтказилди. Жорий йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса илк бор Ўзбекистонда ташкил этилмоқда.

Мариус Визер юртимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш, миллий терма жамоани Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёрлаш, мамлакатимизда яратилган замонавий спорт инфратузилмаси негизида спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш ҳамда спорт тиббиёти соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 19-22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтади. Унда 78 мамлакатдан 600 нафарга яқин ёш спортчи беллашмоқда. Мусобақаларга хорижий мамлакатларнинг юқори даражадаги делегациялари ҳам келган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.