Маданият

Ўзбекистон ва Иордания маданият соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Иордания маданият соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Иордания маданият соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Маннопов Иорданияга амалий ташрифи доирасида Аммон шаҳрида мамлакатнинг давлат ва маданият муассасалари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.

Иордания Қироличаси Рания Ал-Абдулла офиси директори Лама Ан-Набулсий ва Jordan River Foundation бош директори Инам Бариший билан музокаралар давомида томонлар икки мамлакат ўртасида маданий ва таълим ташаббусларини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.

Касбий алмашинувларни кенгайтириш ҳамда маданият ва таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иордания Қадимий ёдгорликлар департаменти бош директори ўринбосари Лина Баккар билан учрашувда маданий меросни асраш ва ўрганиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар, шунингдек, соҳавий мутахассислар ўртасида касбий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш борасида фикр алмашди.

Яна бир учрашув Иордания Миллий маданият ва санъат маркази раҳбарияти билан бўлиб ўтди.

Учрашув иштирокчилари қўшма маданий ва таълим дастурларини йўлга қўйиш, касбий алмашинувларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Иордания маданий муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилди.

Музокаралар Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакилининг Иорданияга амалий ташрифи доирасида ўтказилди. Ташриф мамлакатнинг маданий ва давлат муассасалари билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.