Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида SURA GENERAL INVESTMENTS қўшма корхонасининг интенсив боғлари майдонини яна 200 гектарга кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши мева етиштириш ҳажмини ошириш ва экспорт тушумини 20 миллион долларга етказиш имконини беради. Бу ҳақда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Айни пайтда корхона умумий майдони 267 гектар бўлган интенсив боғларга эга. Уларда гилос, шафтоли, олхўри ва ўрик етиштирилмоқда. Корхона ҳар йили хорижий мамлакатларга қарийб 1 200 тонна мева маҳсулотларини экспорт қилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов корхонанинг масъул вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда корхона фаолиятини янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспортни кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Аввалроқ корхона раҳбари Аймен Абдельбари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун қўшимча 200 гектар ер майдони ажратишни таклиф қилган эди. Бу таклиф вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида маҳсулотлар экспортини 20 миллион долларга етказиш ва юзлаб янги иш ўринлари яратиш кутилмоқда.
Ишлаб чиқаришнинг кенгайтирилиши Янгиқўрғон туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.