Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 29 сентябрь куни Тошкентда Global Gateway ташаббуси доирасида инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Европа Иттифоқи Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Томонлар Марказий Осиё учун ҳажми 12 миллиард евро бўлган Европа Иттифоқининг инвестиция пакетини амалий жиҳатдан амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Учрашув Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ҳамда Европа Комиссияси Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси директори Петерис Устубс ҳамраислигида ўтказилди.
Асосий эътибор Европа Иттифоқи томонидан 2025 йил апрель ойида Самарқандда ўтказилган саммитда Марказий Осиё учун эълон қилинган Global Gateway инвестиция пакетини амалга оширишга қаратилди.
Учрашув доирасида томонлар энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларини кўриб чиқди. Кун тартибидан, шунингдек, иқлим ва стратегик аҳамиятга эга муҳим хомашё материаллари соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ўрин олди.
Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Европа молия институтлари, тараққиёт институтлари ва хусусий капитални жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар, шунингдек, Европа Иттифоқининг грант ва техник кўмагини кенгайтириш имкониятларини, жумладан, 2028–2034 йилларга мўлжалланган молиявий дастурлар доирасидаги имкониятларни муҳокама қилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ишчи гуруҳни инвестиция ташаббусларини мувофиқлаштириш, қўшма лойиҳалар портфелини шакллантириш ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш учун доимий платформа сифатида ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.