Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Италия тўқимачилик саноатидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда ўзбек маҳсулотларини Европа бозорига етказиб бериш имкониятларини ишлаб чиқиш ниятида.
Ўзбекистон элчихонаси ва халқаро консалтинг компанияси EY’нинг Италиядаги офиси кўмагида «Ўзбекистон тўқимачилик саноати: Европа таъминот занжирлари учун имкониятлар» мавзусида вебинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Тадбирда Alviero Martini, Benetton, Bertolo Cashmere, Frette, Ralph Lauren ва Gabel Group каби тўқимачилик ҳамда мода саноатида фаолият юритувчи йирик Италия ва халқаро компаниялар вакиллари иштирок этди.
Вебинарни Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев ҳамда мамлакат Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Руҳулло Зикриллаев очиб берди.
Иштирокчиларга тўқимачилик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти тақдим этилди. Европа бозорига тайёр маҳсулотлар етказиб бериш истиқболлари ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
EY экспертлари тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича Европа таъминот занжирларида амал қиладиган ҳуқуқий талаблар ҳақида маълумот берди. Хусусан, экологик ва ижтимоий стандартлар, товарларнинг келиб чиқишини аниқлаш қоидалари ҳамда Ўзбекистон учун мавжуд бўлган GSP+ преференциал савдо режимидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, иштирокчилар ҳамкорликнинг бир нечта моделини муҳокама қилди. Улар Италия компаниялари буюртмалари асосида тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларидан тўғридан-тўғри харид қилишни назарда тутади.
Бўлажак шартномалар муҳокамасида маҳсулот сифати, халқаро сертификатлаш, шартнома шартлари, ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш ва таъминот занжирларининг шаффофлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Вебинар якунида томонлар манфаатдор Италия компаниялари ва Ўзбекистоннинг тўқимачилик корхоналари ўртасида B2B форматида тўғридан-тўғри музокаралар ташкил этишга келишиб олди.
Бундай учрашувлар иштирокчиларга маълумот алмашишдан аниқ ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш босқичига ўтишга ёрдам бериши кутилмоқда.