Иқтисод

Тошкентда автобуслар учун 17,9 км алоҳида йўлак ташкил этилади

Тошкентда автобуслар учун 17,9 км алоҳида йўлак ташкил этилади
Тошкентда автобуслар учун 17,9 км алоҳида йўлак ташкил этилади / Фото: Видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтнинг тўртта кўчасида умумий узунлиги 17,9 км бўлган автобуслар учун алоҳида йўлаклар (BRT) ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади.

2026 йил 29 октябрдаги ҳужжат билан шаҳарнинг марказий кўчаларини таъмирлаш бўйича манзилли ишлар рўйхати ҳам тасдиқланган.

Энг узун, 6,3 кмлик йўлак Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидан ўтади. Шунингдек, Яккасарой ва Чилонзор туманлари ҳудудидан ўтувчи Мукими кўчасида 4,6 км, Шайхонтоҳур туманидаги Қоратош ва Кўкча-Дарвоза кўчаларида 4,2 км, Мирзо Улуғбек туманидаги Паркент кўчасида эса 2,8 км алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилади.

Қарор Тошкент кўчаларида жамоат транспортининг устуворлигини ошириш ва аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган. У Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 2023 йил 26 июлдаги ПФ-112-сон Президент фармонига мувофиқ, шунингдек, ҳоким ўринбосарининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича мурожаати инобатга олинган ҳолда қабул қилинган.

Таъмирлаш ва қурилиш ишларига буюртмачи этиб «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ белгиланди. Компания қонунчиликда белгиланган тартибда бош лойиҳачи, бош пудратчи ҳамда техник назорат ташкилотини ёки муҳандис-маслаҳатчиларни аниқлаши керак.

Шунингдек, унга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва улар бўйича «Лойиҳалар ва харидлар самарадорлигини ошириш маркази» давлат муассасасининг ижобий хулосаларини олиш вазифаси юклатилди.

Ишлар тижорат банклари кредитлари, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Охирги жамғарма ҳисобидан буюртмачининг харажатлари ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 6,5 млрд сўм йўналтирилади. Марказ хулосаси олинганидан кейин маблағ миқдори қайта ҳисобланади, қолган қисми эса жамғармага қайтарилади.

Ҳоким ўринбосарлари Абдураҳмон Бахтиёв ва Обиджон Муминов коммунал хизматлар билан биргаликда йўлларни таъмирлаш бошлангунига қадар муҳандислик тармоқларини қуриш, кўчириш ва таъмирлаш ишлари якунланишини таъминлаши керак.

Қудуқлар ва коммуникацияларни таъмирлаш ҳамда кўчириш харажатлари улар балансида бўлган ташкилотлар ҳисобидан қопланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.