Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вашингтондаги West Potomac Park боғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ раҳбари Дональд Трамп ва Америка халқига совға қилган анъанавий ўзбек айвонлари ўрнатилди. Совға АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигига бағишланган.
Вашингтондаги West Potomac Park боғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Америка халқига совға қилган анъанавий ўзбек айвонлари ўрнатилди. Совға Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан тақдим этилган.
Айвонлар ўймакор нақшлар билан безатилган бўлиб, уларни тайёрлашда анъанавий ёғоч элементларидан фойдаланилган. Иншоотлар АҚШ пойтахтининг марказий қисмида ўрнатилиб, боғга ташриф буюрувчиларни ўзбек маданияти билан таништиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу иншоотлардан АҚШдаги ўзбек диаспораси вакилларининг байрамлари ва учрашувларини ўтказиш жойи сифатида фойдаланиш режалаштирилган.
Совға топширилгани ҳақида 2026 йил август ойида хабар берилган эди. Ўшанда The New York Times нашри маълумотларига кўра, АҚШ Ички ишлар вазирлиги Мирзиёев айвонларни Трампга топширганини тасдиқлаган, Америка президенти эса уларни мамлакат халқи номидан қабул қилган.
Дастлаб иншоотларни Вашингтондаги парк ҳудудининг бир қисмига айланиши режалаштирилган бўлажак Америка Қаҳрамонлари миллий боғида ўрнатиш кўзда тутилган эди.
Аввал эълон қилинган лойиҳага мувофиқ, боғда Америка тарихидаги машҳур шахсларнинг тўлиқ бўйли тахминан 250 та ҳайкалини, шунингдек, сув ҳавзалари, ресторанлар ва амфитеатрни жойлаштириш режалаштирилган.