Ўзбекистон

Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеясида иштирок этмоқда

Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеясида иштирок этмоқда
Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеясида иштирок этмоқда / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Танзаниянинг Аруша шаҳрида 5 октябрь куни Парламентлараро иттифоқнинг (ПИ) 153-Ассамблеяси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон парламенти делегацияси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигида иштирок этмоқда.

Танзания Миллий ассамблеяси томонидан ташкил этилган тадбирда 180 дан ортиқ мамлакат парламентларининг 2 мингдан зиёд спикер ва депутатлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

153-Ассамблеянинг асосий мавзуси «Инклюзивлик, ишонч ва барча учун имкониятлар орқали самарали бошқарувни такомиллаштириш ва жамиятлар имкониятларини кенгайтириш» деб белгиланган.

Ассамблея ва ялпи мажлислар давомида иштирокчилар глобал ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалаларни кўриб чиқмоқда. Кун тартибидан инклюзив ижтимоий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ўрин олган.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир доирасида, шунингдек, Парламентлараро иттифоқ Президентини сайлаш кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.