Иқтисод

Ўзбекистонда 8 ойда қурилиш ишлари 11,8 фоизга ошди

Ўзбекистонда 8 ойда қурилиш ишлари 11,8 фоизга ошди
Ўзбекистонда 8 ойда қурилиш ишлари 11,8 фоизга ошди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–август ойларида Ўзбекистонда 259,4 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 11,8 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Қурилиш ишлари ҳажмининг энг юқори ўсиш суръати Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди. Бу ерда қурилиш ишлари ҳажми 40,8 фоизга ошиб, 8,9 трлн сўмни ташкил этди.

Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (+35,5 фоиз), Хоразм вилояти (+28,1 фоиз), Сирдарё вилояти (+23,7 фоиз) ва Навоий вилояти (+22,9 фоиз) қайд этилди.

Қурилиш ишларининг энг катта ҳажми ҳануз Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда — 88,7 трлн сўм. Бу мамлакат бўйича умумий кўрсаткичнинг учдан бир қисмидан кўпини ташкил этади. Шу билан бирга, пойтахтда ўсиш суръати ҳудудлар орасида энг паст бўлиб, 7,4 фоизни ташкил қилди.

Қурилиш ишлари ҳажми бўйича иккинчи ўринда Тошкент вилояти — 24,1 трлн сўм (+13,8 фоиз), учинчи ўринда Фарғона вилояти — 15,4 трлн сўм (+16,5 фоиз) қайд этилди.

Барча қурилиш ишларининг учдан икки қисми (66,7 фоиз) бино ва иншоотлар қурилиши ҳисобига тўғри келди. Ушбу йўналишдаги ишлар ҳажми 173,1 трлн сўмни ташкил этиб, 3,5 фоизга ошди. Қолган икки йўналишда ўсиш суръати юқорироқ бўлди. Фуқаролик объектлари қурилиши 31,6 фоизга ошиб, 55,5 трлн сўмга етди. Бу умумий қурилиш ишлари ҳажмининг 21,4 фоизини ташкил қилди.

Ихтисослаштирилган қурилиш ишлари 36 фоизга ошиб, 30,8 трлн сўмни ташкил этди. Уларнинг умумий ҳажмдаги улуши 11,9 фоиз бўлди.

Қурилиш ишларининг ярмидан кўпи (54,8 фоиз) кичик корхоналар ва микрофирмалар томонидан бажарилди. Улар 142,2 трлн сўмлик ишларни амалга оширган бўлиб, бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 10,9 фоизга кўп.

Йирик қурилиш ташкилотлари 66,7 трлн сўмлик ишларни бажарди. Бу умумий ҳажмнинг 25,7 фоизини ташкил этиб, улар бажарган ишлар ҳажми 18,8 фоизга ошди. Аҳоли томонидан амалга оширилган қурилиш ишлари 50,5 трлн сўмни ёки умумий ҳажмнинг 19,5 фоизини ташкил қилди. Бу йўналишда ўсиш 6,2 фоиз бўлди.

Йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган ишларнинг энг катта ҳажми Тошкент шаҳрида — 21,6 трлн сўм, Тошкент вилоятида — 5,2 трлн сўм ва Қашқадарё вилоятида — 3,6 трлн сўм қайд этилди.

Айрим ҳудудларда йирик қурилиш ташкилотлари бажарган ишлар ҳажми бир неча баробар ошди. Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 5,1 баробар, Хоразм вилоятида 2,8 баробар, Самарқанд вилоятида 2,5 баробар, Бухоро ва Наманган вилоятларида 2,3 баробарга кўпайди.

Аҳоли томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми қисқарган ягона ҳудуд Самарқанд вилояти бўлди. Бу ерда мазкур кўрсаткич ўтган йил даражасининг 90,8 фоизини ташкил этди.

Қурилиш ишларининг 97,7 фоизи нодавлат мулк шаклидаги ташкилотлар ҳисобига, 2,3 фоизи эса давлат мулк шаклига тўғри келди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.