Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Hududgazta’minot» АЖ 3,73 миллиондан ортиқ хонадон ва ижтимоий соҳага оид қарийб 2 мингта объектни суюлтирилган газ билан таъминламоқда. Бу ҳақда компаниянинг суюлтирилган газ билан таъминлаш департаменти бошлиғи Акмал Жўраев ОАВ учун Контент тайёрлаш марказидаги брифингда маълум қилди.
2026 йил январь–сентябрь ойларида истеъмолчиларга 398 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 93 та газ тўлдириш объекти ва газ сақлаш резервуарлари тайёр ҳолатга келтирилди, зарур моддий-техник захиралар шакллантирилди. Ҳудудларда, шунингдек, 24 мингта маиший газ баллонидан иборат захира яратилди.
2026–2027 йиллар иситиш мавсумида истеъмолчиларга 325,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Ушбу ҳажмнинг 8,2 минг тоннаси 229 та олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ ҳамда овуллардаги 104,7 минг нафар истеъмолчи учун ажратилиши кўзда тутилган.
Компания таъкидлашича, газни қабул қилиш ва сақлашдан тортиб, баллонларни тўлдириш ҳамда уларни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган барча таъминот босқичларини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг суюлтирилган газ билан таъминлашга оид мурожаатлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
2026 йилнинг тўққиз ойи давомида Президентнинг Виртуал қабулхонаси орқали суюлтирилган газ таъминоти масалалари бўйича 18 323 та мурожаат келиб тушган. Компания маълумотларига кўра, уларнинг 98 фоизи ижобий ҳал этилган, қолган мурожаатлар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, мурожаатлар сони камайган. Агар июнь–июль ойларида 6 693 та мурожаат рўйхатга олинган бўлса, август–сентябрь ойларида уларнинг сони 3 974 тани ташкил этган. Шу тариқа кўрсаткич 2 719 та мурожаатга ёки 40,6 фоизга камайган.
Аҳоли билан ўзаро ҳамкорликни яхшилаш мақсадида кечаю кундуз ишлайдиган колл-марказлар операторлари сони 62 нафардан 93 нафарга оширилди. Ҳудудларда «маҳалланинг еттилиги» билан ҳамкорликда Telegram гуруҳлари орқали мурожаатларни кўриб чиқиш йўлга қўйилди. Шунингдек, раҳбарлар ва мутахассисларнинг шахсий ҳамда сайёр қабуллари ўтказилмоқда.
«Hududgazta’minot»да газ етказиб беришни назорат қилишнинг рақамли воситалари ҳам жорий этилмоқда. Газ тўлдириш объектларига газ келиб тушиши «E-Gaz» электрон тизимида қайд этилади. Манзилли етказиб беришда олувчининг шахси Face ID орқали тасдиқланади. Компания маълумотларига кўра, бу ҳисоб-китоб аниқлигини ошириш, инсон омили таъсирини камайтириш ва етказиб бериш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш имконини беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чоралари амалга оширилмоқда. Хусусан, газни биржа савдолари орқали харид қилиш, хусусий тадбиркорларни етказиб бериш жараёнига жалб этиш ва рақобатни ривожлантириш назарда тутилмоқда.
Андижон вилоятида пилот лойиҳа доирасида хусусий операторларни импорт қилинган суюлтирилган газни маиший баллонларда истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказиб бериш жараёнига жалб этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, «Hududgazta’minot» иштирокида «LPG-Trade» МЧЖ ташкил этилмоқда. 2026 йил 1 ноябрдан компания аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газни биржанинг алоҳида савдо майдончаси орқали харид қилишни бошлаши ва кейинчалик уни истеъмолчиларга етказиб бериши керак. Зарур ҳолларда очиқ биржа савдолари орқали қўшимча харидларни амалга ошириш ҳам назарда тутилган.
Бунда аҳоли учун давлат томонидан тартибга солинадиган газнинг чакана нархи билан уни етказиб беришнинг иқтисодий асосланган харажатлари ўртасидаги фарқ республика бюджети ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш, амалдаги имтиёзларни сақлаб қолиш назарда тутилган.
Суюлтирилган газ ва маиший газ баллонлари билан таъминлаш масалалари бўйича истеъмолчилар 1104 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Компания мурожаатда масалани тезкор кўриб чиқиш имкони бўлиши учун аниқ манзил ва боғланиш учун телефон рақамини кўрсатишни тавсия қилмоқда.