Иқтисод

Хитой компаниялари Ўзбекистонга бизнес-миссиялар юборади

Хитой компаниялари Ўзбекистонга бизнес-миссиялар юборади
Хитой компаниялари Ўзбекистонга бизнес-миссиялар юборади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Аньхой провинцияси тадбиркорлари инвестиция имкониятларини ўрганиш мақсадида бизнес-миссиялар доирасида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Мазкур келишув Ўзбекистон Бош консуллиги ходимларининг Янги материаллар саноати бўйича олтинчи халқаро конференциядаги иштироки давомида Бэнбу шаҳрида ўтказилган бизнес-форум якунлари бўйича эришилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси провинция губернатори ўринбосари Хэ Чункуан, Бэнбу шаҳри мэри Вэй Сюфан, савдо департаменти ва маҳаллий компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Бизнес-форумда Аньхой провинциясининг энергетика, автомобилсозлик, фармацевтика, шиша ишлаб чиқариш, тўқимачилик, қурилиш ва тоғ-кон саноати соҳаларида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ корхонаси иштирок этди.

Форум қатнашчиларига Ўзбекистоннинг инфратузилма имкониятлари, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар натижалари тақдим этилди.

Хитой компаниялари Ўзбекистонда шиша ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, ахборот технологиялари, тўқимачилик саноати ва яшил технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларга қизиқиш билдирди.

Форумдан сўнг Anhui HuiGlass Co., Ltd., Anhui Zhenli Auto Parts Co., Ltd., Anhui Aopu Automobile Brake System Co., Ltd. ва Anhui BBCA Group Co., Ltd. каби корхоналар билан икки томонлама бизнес музокаралари ўтказилди. Делегация шиша маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхона фаолияти билан ҳам танишди.

Учрашувлар якунларига кўра, томонлар Қашқадарё вилояти ҳокимининг ноябрь–декабрь ойларида Аньхойга сафари давомида мазкур компаниялар вакиллари билан музокаралар ташкил этишга келишиб олди.

Келгусида хитойлик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.