Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро рейтинг агентлиги Moody’s Ratings «UzAuto Motors» АЖ рейтинглари бўйича даврий шарҳни якунлаб, компаниянинг амалдаги рейтингини Ba3 даражасида сақлаб қолди. Бу ҳақда агентликнинг 2026 йил 9 ноябрдаги хабарида маълум қилинган.
Агентлик таъкидлашича, мазкур эълон рейтинг бўйича янги қарор қабул қилинганини англатмайди ва яқин келажакда рейтинг ўзгариши эҳтимолини кўрсатмайди. Шарҳ 2026 йил 3 ноябрь куни рейтинг қўмитаси йиғилишида ўтказилган.
Ba3 рейтинги компаниянинг базавий кредит баҳоси (BCA) b1 даражасида эканини, Ўзбекистоннинг суверен рейтинги Ba2 эканини, шунингдек, компания ва давлат дефолти хавфлари ўртасида юқори ўзаро боғлиқлик мавжудлиги ҳақидаги тахминни акс эттиради.
Moody’s молиявий қийинчиликлар юзага келган тақдирда UzAuto Motors давлат томонидан қўллаб-қувватланиши эҳтимоли юқорилигини ҳам ҳисобга олади. Ўзбекистон ҳукумати компания акцияларининг 99,7 фоизига эгалик қилади.
Рейтингни қўллаб-қувватловчи омиллар
UzAuto Motors’нинг базавий кредит баҳосини бир нечта омил қўллаб-қувватлайди. Улар қаторида Ўзбекистон иқтисодиётининг тез ўсиши ва автомобиль бозорининг етарлича тўйинмагани бор. Бу ҳолат талабнинг янада ошиши учун шароит яратади.
Агентлик автомобилсозлик соҳасининг давлат саноат сиёсатидаги стратегик аҳамиятини ҳам қайд этган. Бу автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни давом эттириш, ички бозор ва экспорт учун автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади.
Moody’s компаниянинг ички бозордаги етакчи ўрни, қарз юкининг пастлиги ва фоиз харажатларини қоплаш даражасининг барқарорлигини ҳам қўшимча устунликлар сифатида баҳолайди. Ушбу омиллар пул оқимларига ҳозирда кўрсатилаётган босимни қисман қоплаш имконини беради.
Рақобатнинг кучайиши ва бозор улушининг қисқариши
Айни пайтда компания баҳоси агентлик рейтингларига эга халқаро автомобил ишлаб чиқарувчилар билан таққослаганда бизнес кўламининг кичиклиги ва сотувларнинг географик жиҳатдан юқори даражада жамлангани билан чекланади.
UzAuto Motors савдосининг тахминан 90 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади, гарчи экспорт савдоси ўсиб бораётган бўлса ҳам.
Moody’s, айниқса, Хитой электромобиль ишлаб чиқарувчилари томонидан рақобат босими кучайиб бораётганини қайд этган. Бозорнинг электромобиллар ва гибрид автомобилларга ўтиши ҳам компаниянинг мавқеига таъсир кўрсатмоқда.
Агентлик баҳолашича, UzAuto Motors’нинг ички бозордаги улуши 2026 йилда тахминан 75 фоизгача қисқарган. 2024 йилда бу кўрсаткич 82 фоизни ташкил этган.
Харидорларни субсидияланадиган молиялаштиришга сотувларнинг тобора кўпроқ боғланиб бораётгани ҳам босимни кучайтирувчи қўшимча омил ҳисобланади. Бундай дастурлар талабни қўллаб-қувватлайди, бироқ айни вақтда компаниянинг рентабеллиги, айланма капитали ва пул оқимларига таъсир кўрсатади.
General Motors’га қарамлик
Moody’s UzAuto Motors’нинг General Motors билан тузилган узоқ муддатли, амал қилиш муддати чекланмаган лицензия шартномасига қарамлигини ҳам ҳисобга олади. General Motors рейтинги Baa2, прогноз эса барқарор.
Компания, шунингдек, GM тармоғи орқали зарур бутловчи қисмлар етказиб берилишининг давом этишига боғлиқ.
Агентлик баҳолашича, истеъмолчилар хоҳиш-истаклари ўзгариб бораётган шароитда UzAuto Motors модель қатори нисбатан чекланган ва эскириб бормоқда. Шу билан бирга, компания таклиф этилаётган автомобиллар турини янгилаш бўйича чоралар кўрмоқда.
Сўнгги уч йил давомида эркин пул оқимларининг манфий бўлиб келаётгани ва айланма капиталга босим сақланиб қолаётгани ҳам рейтингни чекловчи омиллардан бири бўлди.
Нега базавий баҳо ҳисоб-китоб натижасидан паст?
UzAuto Motors’нинг b1 даражасидаги базавий кредит баҳоси Moody’s рейтинг модели бўйича ҳисобланган натижадан уч поғона паст.
Агентлик бу фарқни GM билан ҳамкорликнинг лицензия моделига хос қўшимча хавфлар билан изоҳлайди. UzAuto Motors ҳамкор бренди остида автомобиллар ишлаб чиқаради, бироқ ўз брендлари, патентланган технологиялари ёки тадқиқот ва ишланмалар устидан назоратга эга эмас.
GM билан келишув шартлари сезиларли даражада ўзгарган тақдирда, компания фаолиятида жиддий узилишлар юзага келиши мумкин.
Шунингдек, рақобатнинг кучайиши ва UzAuto Motors’нинг ички бозордаги улуши янада қисқариши кутилayotгани ҳам ҳисобга олинган. Ҳукуматнинг соҳада рақобатни кенгайтиришга нисбатан назоратли ёндашуви ушбу хавфларни қисман юмшатади.
Шарҳ Moody’s’нинг 2025 йил май ойида эълон қилинган давлат билан боғлиқ эмитентлар учун методологияси ҳамда 2025 йил октябрь ойида эълон қилинган автомобил ишлаб чиқарувчилар учун методологияси асосида тайёрланган.
Агентлик тақдим этилган хулосалар эълон қилинган санадаги баҳолашни акс эттиришини маълум қилди. Кредит ҳолатидаги эҳтимолий жиддий ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда, улар кейинги даврий шарҳ доирасида янгиланади.