Ўзбекистон

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари дефолиантдан заҳарланди

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари дефолиантдан заҳарланди
Қашқадарёда мактаб ўқувчилари дефолиантдан заҳарланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 51-мактабнинг 22 нафар ўқувчиси пахтанинг пишиб етилишини тезлаштириш учун препарат сепилганидан сўнг заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Ҳодиса 23 сентябрь куни содир бўлган. Соат тахминан 11:45 да ўқувчилар кўнгил айниши ва бош оғриғидан шикоят қилиб, Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мактаб «Янгиобод» маҳалласига туташ ҳудудда жойлашган. Бу ерда «Шоҳмалик Шермурод ўғли» фермер хўжалигига тегишли, умумий майдони 88 гектар бўлган ер участкаси мавжуд. 20 гектарга яқин ер майдони бевосита мактаб атрофида жойлашган бўлиб, унда пахта етиштирилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўша куни соат тахминан 09:00 да фермер хўжалиги пахтанинг пишиб етилишини тезлаштириш мақсадида «Агро Аугрон» препаратини сепган. Шундан сўнг мактабда бўлган 10–11-синфлардаги 22 нафар ўқувчи ҳаво орқали заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.

Тиббиёт муассасасида уларга дастлаб ошқозон диспепсияси синдроми ташхиси қўйилган. Ҳозирда етти нафар ўқувчи Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанишни давом эттирмоқда. Яна 15 нафар ўқувчининг соғлиғи яхшилангани сабабли улар уйига жавоб берилган.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли экспертизалар тайинланган.

Дастлабки тергов ҳаракатларини Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси олиб бормоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.