Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ҳамкорликни мустаҳкамламоқда / Фото: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат делегация Туркияда касбий тайёргарликни такомиллаштириш ва илғор иш усулларини ўрганишга қаратилган малака ошириш курсларида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Ташриф доирасида Туркия Ички ишлар вазирлиги тизимига кирувчи Туркия Хавфсизлик бош бошқармасига борган ўзбек мутахассислари туркиялик ҳамкасбларининг тажрибаси ва иш амалиётини ўрганмоқда.

Машғулотлар давомида контрабанда ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Курс иштирокчилари контрабанда каналларини аниқлаш усуллари, уюшган жиноятчиликка қарши кураш ёндашувлари ва ушбу соҳада қўлланилаётган замонавий амалий воситалар билан танишмоқда.

Олинган билимлар ва ўрганилган тажрибани Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларининг тегишли йўналишлардаги кейинги фаолияти самарадорлигини оширишда қўллаш режалаштирилмоқда.

Курслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимларининг касбий билимлари ва амалий кўникмаларини янада ривожлантиришга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.