Технологиялар

Ўзбекистон ва ОТБ Келажак технологиялари марказини ташкил этади

Ўзбекистон ва ОТБ Келажак технологиялари марказини ташкил этади
Ўзбекистон ва ОТБ Келажак технологиялари марказини ташкил этади / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) UPGRADE лойиҳаси бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Лойиҳа Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида рақамли технологиялар бўйича илмий-тадқиқот марказини ташкил этишни назарда тутади. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат 21 сентябрь куни Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan ва ОТБ вакиллари иштирокидаги учрашув доирасида имзоланди. Учрашувда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, IT Park Uzbekistan бош директори Азамат Караматов ва ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайя иштирок этди.

Меморандумни Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов ва ОТБ Рақамли сектор департаментининг рақамли трансформация бўйича бош мутахассиси Юни Чон имзолади.

UPGRADE лойиҳаси — «Тадқиқотлар ва илғор рақамли технологиялар орқали ўсиш салоҳиятини очиш» — Нурафшонда илмий-тадқиқот марказини ташкил этишни назарда тутади. Марказ тадқиқотлар ва ишланмалар, юқори унумдор ҳисоблаш инфратузилмаси, ихтисослаштирилган технологик лабораториялар, кадрлар тайёрлаш ҳамда технологик ечимларни тижоратлаштириш механизмларини бирлаштиради.

Рақамли технологиялар вазирлиги лойиҳа ташаббускори ва ижрочи агентлиги сифатида иштирок этади, IT Park Uzbekistan эса лойиҳани амалга оширувчи агентлик вазифасини бажаради. Лойиҳани амалга оширишни 2027 йилнинг II чорагида бошлаш ва 2032 йилнинг II чорагида якунлаш режалаштирилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларга баҳоланмоқда. Молиялаштиришни Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида ОТБнинг суверен кредити ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган.

UPGRADE’нинг асосий вазифаларидан бири амалий тадқиқотлар ва прототипларни ишлаб чиқишдан тортиб, уларни синовдан ўтказиш, сертификатлаш, тижоратлаштириш ҳамда технологик ечимларни ички ва халқаро бозорларга олиб чиқишгача бўлган тўлиқ циклли экотизимни яратишдан иборат бўлади.

Лойиҳа доирасида 300 та илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳасини амалга ошириш, 100 та технологик стартапни инкубациядан ўтказиш ҳамда рақамли ва DeepTech йўналишларида 3 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Қўллаб-қувватланган лойиҳаларнинг умумий йиллик тушуми камида 50 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Лойиҳа концепцияси IT Park, университетлар, илмий-тадқиқот муассасалари, стартаплар ҳамжамияти, хусусий сектор ва давлат ташкилотлари иштирокида ишлаб чиқилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.