Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саида Мирзиёева Google билан YouTube монетизациясини муҳокама қилди
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йорк шаҳрида АҚШнинг Халқаро молия тараққиёти корпорацияси (DFC) ва Google раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Муҳокама қилинган масалалар қаторида транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда YouTube монетизациясини йўлга қўйиш имконияти ҳам бор. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида ташкилотнинг штаб-квартираси қарийб 130 давлат делегацияларини қабул қилмоқда. Ўзбекистон ҳам сессияда ўз делегацияси билан иштирок этмоқда. Делегация умумий мунозараларда қатнашиб, қатор давлатлар раҳбарларининг чиқишларини тингламоқда.
Ташриф давомида Саида Мирзиёева DFC бош ижрочи директори Бен Блэк билан учрашди. Томонлар транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги, амалга оширилиши аллақачон бошланган йирик қўшма лойиҳаларни кўриб чиқди.
Президент Администрацияси раҳбари Ўзбекистоннинг DFC билан ҳамкорликни келгусида ҳам кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Google вице-президенти Каран Бхатия билан музокараларда асосий эътибор Ўзбекистонда YouTube монетизациясини йўлга қўйиш имкониятига қаратилди.
Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда шахсий маълумотларга ишлов бериш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик базаси такомиллаштирилган. Унинг таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар халқаро тўлов тизимларидан янада кенгроқ фойдаланиш учун шароит яратади.
У, шунингдек, Google билан ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, ушбу йўналишда ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.