Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 16 сентябрь куни Дания Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Ларс Туесен билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Ўзбекистон ва Дания ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашув якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати ва Дания Фолкетинги ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, мунтазам ўзаро ташрифлар ва алмашинувларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва Дания компанияларини Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Истиқболли йўналишлар қаторида энергетика, коммунал инфратузилма, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва касбий таълим қайд этилди. Томонлар ушбу соҳаларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.