Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzum «Тошкент» Республика фонд биржасида корпоратив облигацияларнинг бешинчи чиқарилишини жойлаштиришни якунлади. Облигациялар 600 млрд сўмлик ҳажмда, 18 фоизлик купон даромадлилиги билан жойлаштирилди.
Чиқарилган облигацияларнинг қарийб 60 фоизи норезидентлардан жалб қилинди. Бу ҳақда компания хабар берди.
Янги жойлаштиришни ҳисобга олганда, Uzum’нинг маҳаллий фонд бозорида бешта чиқарилиш доирасида жойлаштирилган облигацияларининг умумий ҳажми 2,1 трлн сўмга етди.
Компания таъкидлашича, бир ярим йилдан кам вақт ичида Uzum облигациялари корпоратив қарз бозорининг асосий йўналишларидан бирига айланди, компаниянинг ўзи эса мамлакатдаги энг йирик хусусий корпоратив эмитент мақомини олди.
Шу билан бирга, 15 сентябрь куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Uzum’нинг 50 млн АҚШ доллари ҳажмидаги биринчи валюта облигациялари чиқарилишини рўйхатдан ўтказди. Облигациялар бўйича ставка 8,5 фоизни ташкил этади.
Компания мамлакатда «тартибга солувчи сандбокс» доирасида валюта облигацияларини чиқарган илк компаниялардан бири бўлди. Чиқарилишнинг андеррайтери сифатида Alkes иштирок этди.
Uzum жалб қилинган маблағларни финтех-хизматларни ривожлантириш, янги маҳсулотлар яратиш ва рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани кенгайтиришга йўналтиришни режалаштирмоқда.