Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида Абдулла Қодирий кўчаси бўйлаб гастрономик зоналар ташкил этилади. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик модели асосида амалга оширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаковнинг 15 сентябрдаги қарорида сўз боради. Ҳужжат E-qaror платформасида эълон қилинган.
« Tashkent Invest » шаҳар компанияси лойиҳанинг давлат ҳамкори сифатида ишлайди. Унга лойиҳа ҳудудидаги ер участкаларини хусусий инвесторларга 10 йилгача бўлган муддатга беришга рухсат этилди.
Лойиҳада иштирок этиш учун умумий майдони 0,5 гектар бўлган саккизта лот шакллантирилди. Улар Жангох массивидаги 9 ва 10-уйлар, шунингдек, Ц-13 (Лабзак) массивидаги 9 ва 35-уйлар яқинида жойлашган. Энг катта ер участкасининг майдони 1473 кв. метрни, энг кичигиники эса 61 кв. метрдан бироз камроқни ташкил этади.
Tashkent Invest ер участкаларини 10 кун ичида, яъни 25 сентябрга қадар E-auksion орқали онлайн савдога чиқариши керак.
Бошланғич нарх мазкур ҳудуд учун белгиланган ер солиғи ставкаси даражасида — 321,5 млн сўм этиб белгиланди.
Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган санада Марказий банкнинг валюта курси бўйича сўм эквивалентида лойиҳага 1 млн АҚШ долларигача маблағ киритиши керак. Бунда инвестициялар ҳажми 11 млрд сўмдан кам бўлмаслиги лозим. Ушбу шартни бажариш учун ҳужжат рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб уч ой муддат берилади.
Ажратилган ҳудудда инвестор замонавий ошхоналар ва енгил, капитал бўлмаган конструкциялардан ташкил топган савдо нуқталари, автомобиль тўхташ жойлари ҳамда камида битта жамоат ҳожатхонасини жойлаштириши мумкин. Объектлар ташкил этилганидан кейин олти ой ичида камида 20 кишини, жумладан, ижтимоий «дафтарлар»га киритилган тўрт нафар фуқарони иш билан таъминлаш лозим.
Объектларни жойлаштириш схемаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилиши керак. Ободонлаштириш ва қурилиш ишларини архитектура, санитария ва экологик меъёрлар, йўл ҳаракати қоидалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширишга рухсат берилади.
Гастрономик кўча ҳудудида видеокузатув тизимини ўрнатиш, бепул Wi-Fi зонасини ташкил этиш, шунингдек, декоратив ёритиш чироқлари ва ўриндиқлар ўрнатиш ҳам талаб этилади.
Гастрономик кўчадан шаҳар маъмурияти билан келишилган ҳолда фестиваллар ва мавсумий тадбирлар ўтказиш учун фойдаланиш мумкин.
Шу билан бирга, давлат байрамлари ва бошқа тадбирлар вақтида ҳокимият ҳудудни вақтинча бўшатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига кўра, Tashkent Invest лойиҳадан олинадиган соф фойданинг 10 фоизини олади. Хусусий шерик ушбу улушни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 30 апрелига қадар ҳар йили ўтказиб бериши керак.