Ўзбекистон

Танзила Нарбаева ПИ Ассамблеясида Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди

Танзила Нарбаева ПИ Ассамблеясида Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди
Танзила Нарбаева ПИ Ассамблеясида Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Парламентлараро Иттифоқ 153-Ассамблеяси доирасида инклюзивлик, ишонч ва тенг имкониятлар асосида самарали бошқарувни мустаҳкамлаш ҳамда жамоалар имкониятларини кенгайтиришга бағишланган умумий дебатлар бўлиб ўтди.

Муҳокамалар давомида давлат институтларига ишончни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, тенг имкониятларни таъминлаш ҳамда аҳоли ҳаётида аниқ ўзгаришларга эришишда парламентларнинг ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон парламент делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида мамлакатнинг ижтимоий давлат тамойилларини амалга ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги тажрибасини тақдим этди.

Шунингдек, у қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда давлат сиёсатини амалга ошириш устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Дебатлар давомида Ўзбекистоннинг парламентларнинг қонунчилик ва назорат фаолиятини аҳоли эҳтиёжлари билан янада яқинроқ боғлашга қаратилган ташаббуслари тақдим этилди.

Хусусан, қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик ва жойлардаги вакиллик органларининг фикрини кенгроқ инобатга олиш, шунингдек, давлат дастурлари ва бюджетларни тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан баҳолаш таклиф этилмоқда.

Парламент назорати доирасида қабул қилинаётган қарорларнинг амалий натижалари ва уларнинг аҳоли ҳаётига таъсирига алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинмоқда.

Дебатлар иштирокчилари, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Ижтимоий ривожланишда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, ҳужжат парламентларнинг ижтимоий ривожланиш, тенг имкониятлар ва инсон фаровонлигини таъминлаш борасидаги масъулиятини оширишга қаратилган. Шу муносабат билан резолюция қоидаларини амалга ошириш учун парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.