Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — British American Tobacco (BAT) компаниясининг 1994 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётига киритган жами инвестициялари 530 миллион доллардан ошди.
Бу ҳақда компаниянинг корпоратив масалалар бўйича бош директори Кингсли Уитон Ўзбекистоннинг элчиси Равшан Усмонов билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Музокаралар давомида BAT вакили Ўзбекистон билан ҳамкорлик компания учун устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, компания мамлакатдаги инвестиция фаолиятини кенгайтиришга ва янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.
Қайд этилишича, 2021 йилдан буён BAT Uzbekistan минтақавий экспорт хаби сифатида фаолият юритмоқда. 2025 йилда корхона томонидан хомашё ва тайёр маҳсулотлар экспорти 95 миллион долларга етган.
Учрашувда никотин маҳсулотларидан вояга етмаганлар фойдаланишининг олдини олиш, масъулиятли ёндашувларни тарғиб қилиш ва ушбу соҳада инновацион ечимларни кўриб чиқиш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
BAT Uzbekistan Ўзбекистон бозорида 1994 йилдан буён фаолият юритади. Компанияда 1 минг нафардан ортиқ ходим ишлайди ва у мамлакатнинг йирик солиқ тўловчилари қаторига киради. 2025 йилда компания давлат бюджетига 3,2 триллион сўм солиқ тўлаган. Хабарда таъкидланишича, ўтган йили корхона тўлиқ хусусийлаштирилган.
British American Tobacco — дунёдаги энг йирик халқаро тамаки компанияларидан бири. У 1902 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Компания 170 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ва 48 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлайди. BAT компаниясининг 2025 йилдаги тушуми 34 миллиард долларни ташкил этган.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги инвестиция имкониятларини биргаликда ишлаб чиқишдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.