Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 13 октябрь куни Sumitomo Corporation президенти ва бош ижрочи директори Синго Уэно ҳамда Shikoku Electric Power президенти Ёсихиро Миямото билан музокаралар ўтказди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири қўшма энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўлди.
Томонлар Самарқанд вилоятида қуёш электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида шамол электр станциялари ва энергия сақлаш қурилмаларини қуриш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув иштирокчилари ҳамкорликнинг бошқа истиқболли йўналишларини ҳам кўриб чиқдилар. Улар қаторига электр узатиш линиялари учун пўлат трослар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, тез тиббий ёрдам автомобилларини етказиб бериш ва электр тармоқларини модернизация қилиш киради.
Шунингдек, Япониянинг эркин иқтисодий зоналарни бошқариш бўйича тажрибасини қўллаш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.
Sumitomo Corporation металлургия, табиий ресурслар, энергетика, инфратузилма, транспорт, автомобилсозлик, медиа ва рақамли технологиялар каби бир қатор соҳаларда фаолият юритади.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, компаниянинг 63 та мамлакат ва ҳудудда 125 та офиси мавжуд.
Shikoku Electric Power энергетика соҳасида фаолият олиб бориш билан бирга, телекоммуникациялар, ахборот технологиялари ечимлари, муҳандислик ва қурилиш йўналишларини ҳам ривожлантирмоқда.
Компания дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатида лойиҳаларни амалга оширади.