Ўзбекистон

Ульсан тадбиркорлари Фарғонадаги лойиҳаларни ўрганди

Ульсан тадбиркорлари Фарғонадаги лойиҳаларни ўрганди
Ульсан тадбиркорлари Фарғонадаги лойиҳаларни ўрганди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти делегацияси ҳоким Хайрулло Бозоров бошчилигида Ульсан метрополия шаҳри ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди. Томонлар Фарғона вилоятида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Музокаралар давомида саноат, енгил саноат, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизматлар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ташаббуслар тақдим этилди.

Хусусан, спорт, туризм ва фаол дам олиш учун замонавий кийим-кечак ҳамда жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган KOLPING CO., LTD компанияси билан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди. Компания Фарғона вилоятида тегишли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.

Ulsan Pipe Cleaning, Carpos ва HANKEI HOLDINGS компаниялари вакиллари ҳам саноат, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳа таклифларини тақдим этди. Учрашув иштирокчилари Фарғонада лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллий тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Инсон капиталини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Фарғона вилоятида замонавий касбларга ўқитиш марказини ташкил этиш, ёшларни корейс тили ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, шунингдек, малакали мутахассисларни Корея Республикасида қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун йўналтиришга кўмаклашишни таклиф қилди.

Хайрулло Бозоров тақдим этилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, кореялик тадбиркорларни Фарғонага ташриф буюришга таклиф қилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳар бир лойиҳанинг аниқ параметрларини ишлаб чиқишни бошлаш, маҳаллий ҳамкорларни белгилаш ва эришилган келишувларни амалий босқичга ўтказишга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.