Рақобат қўмитаси рақамли хизмат платформаларини текширмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси стриминг, интернет ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар платформаларини ўрганишни бошлади. Текширув телекоммуникация хизматлари бўйича истеъмолчилар мурожаатлари сони кўпайгани фонида ўтказилмоқда.
2026 йилнинг жорий даври ҳолатига кўра, истеъмолчиларнинг телекоммуникация хизматлари бўйича шикоятлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга ошиб, 1 мингтадан ошди.
Таҳлил давомида айрим операторлар ва провайдерларнинг мобил иловалари ҳамда веб-сайтларида истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумотлар тўлиқ жойлаштирилмагани аниқланди. Хусусан, гап тарифлар ва нархлар, хизматларни кўрсатиш шартлари, оммавий оферта ва бошқа муҳим шартлар ҳақида бормоқда.
Айрим ҳолатларда бундай маълумотлар давлат тилида ҳам тақдим этилмаган.
Қўмита ўрганиш ишларини очиқ манбалар асосида олиб бормоқда. Мутахассислар стриминг, интернетга уланиш ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи компаниялар платформаларида истеъмолчилар учун зарур маълумотлар қай даражада тўлиқ тақдим этилганини, шунингдек, улар қонунчилик талабларига мувофиқлигини баҳоламоқда.
Шу муносабат билан тегишли хизматларни кўрсатувчи ташкилотларга мобил иловалар ва веб-сайтлардаги маълумотларни тўлиқ тақдим этиш ҳамда уларни қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлаштириш тавсия этилди.
Истеъмолчилар ўз таклиф ва мурожаатларини Қўмитага info@raqobat.gov.uz ва consumer@antimon.gov.uz электрон почта манзиллари орқали юбориши мумкин.
Қўмита маълум қилишича, ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилади.