Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда алимент ҳисоблаш тартибини ўзгартириш, унинг миқдорини ота-онанинг ойлик даромадига боғлашдан воз кечиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг ялпи мажлисида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттаханова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ота-оналар ҳақиқий даромадларини яшириб, расмий равишда кам маошли ишга жойлашиш орқали алимент миқдорини камайтиришга уринган ҳолатлар кўпайган.
Шу муносабат билан болаларнинг ҳар бир ёш тоифаси учун минимал истеъмол тўпламини белгилаш таклиф этилмоқда. Бундай ҳолатда алимент миқдорини фақат ота ёки онанинг иш ҳақидан келиб чиқиб эмас, балки бола учун зарур бўлган истеъмол савати ҳисобга олинган ҳолда белгилаш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, ҳозирда Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилаётган алиментларни ундириш билан боғлиқ айрим функцияларни хусусий секторга ўтказиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.