Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркияда халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси С.А. ушланди ва кейинчалик Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди. Бу икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ҳамкорлиги натижасида амалга оширилди.
С.А. кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилишда гумонланмоқда. Натижада давлат бюджетига жами 5 млрд сўм миқдорида зарар етказилган. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан халқаро қидирувга берилган.
Фуқаро ушланганидан сўнг кейинги тергов ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди.
Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва уларнинг жавобгарликдан бўйин товлашининг олдини олиш соҳаларида ҳамкорликни давом эттирмоқда.