Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз, инвестициялар 8,9 фоизга ўсгани қайд этилди.
– Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим,– деди давлатимиз раҳбари.
Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлсада, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, саноат мактаби ва катта бозор каби имкониятлар борлиги таъкидланди.
Сўнгги ўн йилда вилоятга республика буджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилди. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм ажратилди.
Ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар шунга муносиб натижага айланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда инвестицияларнинг ҳажми билан бирга сифати, таркиби ва иқтисодиётга берадиган самарасига алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдон Андижонда 7 миллиард доллар инвестиция ва камида 70 минг юқори даромадли иш ўрнига айланиши кераклиги таъкидланди.
Шу билан бирга, жорий йилга режалаштирилган 3,5 миллиард доллар инвестициянинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.
Ахборот технологиялари хизматлари экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлсада, соҳанинг технологик базасини мустаҳкамлашга инвестициялар етарли йўналтирилмаяпти.
Давлатимиз раҳбари сармояларни юқори қўшилган қиймат, замонавий технология ва барқарор иш ўринлари яратадиган йўналишларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Асакада автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича шаклланган 30 йиллик тажриба асосида ўз технологияларини яратишга ўтиш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда “Асака муҳандислик водийси”ни ташкил этиб, дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари занжирини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоятда муҳандислик, энергетика, саноат ва ахборот технологиялари йўналишларида 10 минг талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ғояларини тайёр маҳсулотга айлантирадиган тадқиқот ва ишланмалар марказларини ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тўқимачиликда ҳам мавжуд қувватлардан юқори самара билан фойдаланиш имкониятлари бор. Европадан дизайнер, конструктор ва брендларни жалб қилиб, қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш орқали соҳа экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Энди вилоятда инвестиция натижадорлиги ҳар бир квадрат метр майдонда яратилган қўшилган қиймат билан баҳоланиши белгиланди.
Қорақалпоғистон тажрибаси асосида қолган 13 та ҳудуд учун ҳам лойиҳалар менежери лавозимлари жорий этилиши белгиланди.
Андижондаги лойиҳалар менежери вилоятнинг янги инвестиция моделини яратишга масъул бўлади.
Бу жараёнда ҳар бир туманнинг саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги имкониятлари сунъий интеллект ёрдамида баҳоланади. Юқори қўшилган қиймат яратиш имкони бўлган соҳалар аниқланиб, хорижий сармояларни жалб қилиш режаси ишлаб чиқилади.
Айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори 104 та корхона фаолиятини кенгайтириш орқали қўшимча 20-30 минг иш ўрни яратиш бўйича лойиҳалар тайёрланади. Айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 4 та корхонада технологик модернизация ҳисобига қўшилган қийматни 40-50 фоизга кўпайтириш чоралари кўрилади.
Келгуси йил Андижонда камида 10 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда йирик комплексларни кўпайтириш вазифалари белгиланди.
Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган 5 минг гектар майдон камида 10 минг бош қорамол боқиш имконини беради. Дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш орқали ҳам чорвачиликни кенгайтириш мумкин.
Йил якунигача шундай майдонларнинг камида 200 гектарида чорва боқиш учун шароит яратиш, Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Балиқчида ишга туширилган 20 миллион долларлик товуқ гўшти комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда 3 та шундай комплекс лойиҳасини бошлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Улуғнордаги 1 минг 200 гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилади.
Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш бўйича янги чоралар белгиланди.
Алоҳида «Агростар» компанияси ташкил этилиб, баҳоргача 4-5 минг гектар майдонга сув чиқариш ва шафтоли, гилос, ўрик, олхўри каби саноатлашган боғларни барпо этиш бошланади. Боғлар уч йил парваришланиб, аҳолига тайёр ҳолда таклиф қилинади.
Ушбу мақсадга 30 миллион доллар, адирларга сув чиқариш учун эса 200 миллиард сўм ажратилади.
Вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг ҳозирча 16 фоизи қайта ишланаётгани қайд этилди. Кичик ускуналарни аҳолига лизингга бериш ва туман брендларини яратиш орқали бу кўрсаткични 30 фоизга, экспортни 500 миллион долларга етказиш мумкин.
Мева-сабзавотчиликда “гектардан – максимал қиймат” тамойилига ўтилади. Кичик қайта ишлаш ускуналарини лизингга бериш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Балиқчида 5 гектарда ташкил этилган иссиқхона лойиҳаси республика бўйлаб оммалаштирилади. Бунга 300 миллиард сўм, шу жумладан, Андижонга 50 миллиард сўм ажратилади.
Ташқи бозорда пахтага талаб пасайиб, экспортда логистика харажатлари ошиб бораётган шароитда фермерлар, кластерлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари эълон қилинди.
Пахтани биржада сотган фермерга ҳам, уни сотиб олган кластерга ҳам ҳар тонна учун 500 минг сўмдан субсидия берилади. Ўз ерида пахта етиштирган кластерлар эса гектарига 1,5 миллион сўмдан субсидия олади.
Мутасаддиларга тайёр маҳсулот экспортчиларининг хорижий валютадаги кредитлари бўйича фоизларнинг 5 фоиздан, миллий валютадагисининг 14 фоиздан ошган қисмини уч йил давомида компенсация қилиш бўйича ҳисоб-китобларни киритиш топширилди.
Шунингдек, маркетплейслар орқали сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизини қайтариш масаласи бўйича таклифлар тайёрланади.
Кўп иш ўрни яратаётган саноат корхоналари учун янги рағбатлантириш чоралари белгиланди.
Камида 1 минг нафар ишчиси бўлган корхоналарнинг ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда иш жойига олиб келиш ва олиб кетишдаги транспорт харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Бундай корхоналарда камида беш йил ишлаган ходимларга фарзандларининг контракт тўлови қоплаб берилади.
Иш ўринлари сони 1 мингга яқинлашаётган корхоналар учун ҳам алоҳида грантлар ажратилади. Айни йўналишда Андижоннинг ўзига 20 миллион доллар берилади.
Мутасаддиларга бир ойда кўп иш ўрни яратадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Андижонни Фарғона водийсининг муҳандислик кадрлари марказига айлантириш вазифаси қўйилди.
Вилоятдаги 12 та олийгоҳда 95 минг талаба, 59 та техникумда 60 минг ёш таҳсил олмоқда. Бу салоҳиятни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш зарурлиги таъкидланди.
“Ипак йўли” саноат зонасида инвестор техникум очиб, ўқувчиларга таълим билан бирга стипендия ва иш бераётгани ижобий тажриба сифатида қайд этилди.
Олийгоҳ ва техникумларнинг амалий кафедраларини 46 та саноат зонаси ва 56 та йирик корхона ҳудудига кўчириш, енгил конструкцияли ўқув хоналарини ташкил этиб, йил якунигача дуал таълимни камида 80 фоизга етказиш топширилди.
Қарийб 7,5 миллиард долларлик янги лойиҳалар энергетика, гидротехника, электроника, машинасозлик, ахборот технологиялари ва логистика бўйича муҳандисларга талабни оширади.
Шу боис, Андижон техника институти трансформация қилинади. Хорижлик менежер ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, таълим дастурлари ва йўналишлари янгиланади.
Институтда алоҳида дизайнерлик факультети очилиб, дуал таълим асосида саноат корхоналарига бириктирилади. Бунинг учун 25 миллиард сўм ажратилади.
Саноат ўсиши билан энергияга талаб ҳам ортиб бораётгани, вилоятдан ўтган дарё ва каналлар бу борада катта захира экани таъкидланди.
Андижоннинг гидроэнергетика салоҳияти 200 мегаваттни ташкил этади. Бу йилига 500 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Ҳозирнинг ўзида умумий қуввати 44 мегаватт бўлган кичик ва микро ГEСлар қуришга 400 нафар талабгор бор. ГEС турбиналарини ишлаб чиқариш ҳам вилоятнинг ўзида йўлга қўйилган.
Икки йиллик дастур асосида микро ГEСларни тайёр ҳолда қуриб, тадбиркорларга лизингга беришни бошлаш, қулай молиявий механизмларни жорий этиш топширилди. Бетонлаштирилиши режалаштирилган 81 километр каналларда ГEСлар каскадини қуриш кўзда тутилади.
Аҳоли даромадлари билан бирга замонавий хизматларга талаб ҳам ортиб бораётгани қайд этилди.
Андижондаги давлат ташкилотларини Бобур шаҳрига кўчириш ҳисобига бўшайдиган бино ва майдонлар савдо ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга йўналтирилади.
30 та маъмурий бинони кўчириш орқали бизнес учун 13 гектар ер ва 70 минг квадрат метр жой бўшайди. Бунинг ҳисобига қўшимча 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва камида 20 минг иш ўрни яратиш имконияти бор.
Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа марказлари ва Хонобод шаҳрини ҳам юқори даромадли бизнес ҳудудларига айлантириш вазифаси қўйилди. Уларнинг бош режалари савдо ва хизматларда камида 20 минг иш ўрни яратадиган лойиҳаларга мослаштирилади.
Давлат банкларини мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида трансформация қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йил бошидан гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Энди реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига асосланган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий қилинади.
Кичик тадбиркорларнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади.
500 миллион сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмайди. Кредит гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё сотиб олиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.
Тўққизта давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.
Солиқ идоралари ҳам тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш ва иш ўринларини сақлаб қолишга кўмаклашиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоятда айрим корхоналар айланмаси ва иш ўринлари қисқаргани, бир қатор бизнес субъектлари фаолияти тугатилгани қайд этилди. Маҳаллага тушган солиқ ходимлари бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, ечим топишга фаол киришиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Энди даромади ёки иш ўрни камайган корхонага маҳалла солиқчиси бориб, муаммони ўрганади. Ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири билан бирга солиқ тўловини кечиктириш, кредит муддатини узайтириш, айланма маблағ, бозор ёки экспортга кўмаклашиш бўйича туман штабига таклиф киритади.
Мазкур жараёнда ҳар бир бизнеснинг даромадга кириш даври ва хусусияти инобатга олинади. Ёшлар бандлиги маҳалла солиқчилари фаолиятини баҳолаш ва меҳнатига ҳақ тўлашда самарадорлик мезони қилиб белгиланади.
Андижоннинг транспорт ва логистика имкониятларини кенгайтириш бўйича йирик лойиҳалар белгиланди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ҳисобига юк ташиш ҳажмини 10 карра ошириб, йилига 15 миллион тоннага етказиш имкони пайдо бўлади.
Шу муносабат билан йил якунигача Қўрғонтепа ва Хонободдаги 300 гектар майдонда 600 миллион долларлик логистика комплекси лойиҳасини бошлаш топширилди.
Қирғизистон билан «Дўстлик» постига нисбатан икки баробар катта «Кесканёр» чегара постини очиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди. Уч ойда унинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, қурилишни бошлаш вазифаси қўйилди. Бу юк ташиш ҳажмини 2-3 карра ошириш ва муддатини бир ҳафтага қисқартиришга хизмат қилади.
Янги транспорт оқимига мос равишда 78 километрли “Хонобод – Андижон” пулли автомобиль йўлини лойиҳалашга киришилади.
Шу ойдан “Тошкент – Андижон” тезюрар поезди йўлга қўйилиб, сафар вақти 6 соатдан 4 соатга қисқарди. Келгуси йил “Тошкент – Андижон” пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланади.
Аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратишда Бобур шаҳри муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Тўрт минг гектар қир-адирда барпо этилаётган шаҳардаги қулай уйларга 25 минг аҳоли кўчиб ўтди. Яна 200 минг кишига мўлжалланган 800 та кўп қаватли уй-жой қурилиши бошланди.
Бу ерда савдо комплекслари, бизнес марказлари, меҳмонхоналар, хусусий таълим, тиббиёт ва спорт объектларини барпо этиш истагидаги тадбиркорлар қўллаб-қувватланади.
Бундай объектларда инвестициянинг қайтиш муддати узоқлигини инобатга олиб, ернинг бошланғич нархини уй-жой қурилиши учун ажратиладиган ерларга нисбатан икки баробар арзон белгилашга розилик билдирилди. Ерларни янги шартларда аукционга қўйиш топширилди.
Андижон шаҳридаги Бобур шоҳ кўчасида кўприк ишга туширилди.
Келгуси йил Миллий тикланиш ва Навоий, Ўзбекистон ва Бобур, Амир Темур ва “Янги айланма йўли” кўчалари кесишмаларида яна учта йирик йўлўтказгич қурилади. Асака туманининг марказини айланиб ўтувчи кўприк ҳам ишга туширилади.
Вилоятда ичимлик сув ва канализация хизматларини яхшилаш ишлари давом эттирилади.
Сўнгги йилларда бу йўналишга 1,5 триллион сўм ажратилиб, ичимлик сув қамрови 93 фоизга етди. Бу пойтахтдан кейинги энг юқори кўрсаткичдир.
Бир миллион аҳолининг сув таъминотини яхшилаш учун келгуси йилдан Хонобод – Андижон магистраль қувурининг иккинчи тармоғининг қурилиши бошланади.
Андижон шаҳрида канализация тармоғининг 9 километри реконструкция қилинмоқда. Қолган 15 километрини янгилаш учун ҳам маблағ ажратилади.
Аҳоли сони ўсиб бораётганини ҳисобга олиб, Олтинкўлдаги оқова сув тозалаш иншоотининг қуввати икки баробар оширилади.
Мутасаддиларга келгуси йилдан лойиҳани бошлаш топширилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун алоҳида молиявий ва ташкилий имкониятлар яратилади.
Андижонда ишлаш истаги бўлган 3 минг аёл бола парвариши билан банд. Фарзандларини боғчага жойлаштириш уларнинг меҳнат бозорига қайтишига шароит яратиши таъкидланди.
Вилоятда мактабгача таълим қамрови 86 фоизга етган. Тадбиркорлар яна 134 та оилавий боғча очишга тайёрлигини билдирган.
Масъулларга ўн кун ичида ушбу боғчалар бўйича тегишли битимларни расмийлаштириш масаласини ҳал қилиш топширилди.
Умуман, Андижонда аёлларни иш билан таъминлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга 20 миллион доллар ажратилади.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятларнинг олдини олишда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Андижон туманлари ички ишлар раҳбарларига рақамлаштириш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилади.
Улар кўчалардаги камералар маълумотларини сунъий интеллект орқали таҳлил қилиб, безорилик, ўғрилик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ечимлар ишлаб чиқади.
Киберҳужумлардан ҳимояланиш дастури ишлаб чиқилиб, буджет ташкилотлари ходимлари, ўқувчи ва талабалар, пенционерларнинг бу борадаги билимлари оширилади.
Йил якунигача ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш топширилди.
Тадбиркорларнинг масалаларини судда кўришни тез ва самарали ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Улар кредит, олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, коммунал ва солиқ қарздорлигига оид низоларни кўриб чиқиш чўзилаётганини айтмоқда. Далиллар етарли бўлган ишлар бўйича жараёнларни соддалаштириш ва муддатларни қисқартириш мумкинлиги қайд этилди.
Олий суд, Бизнес-омбудсман ва Адлия вазирлиги Андижонда тадбиркорларнинг мурожаатларини эшитиб, масалаларига ечим топиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Октябрь–ноябрь ойларида республика бўйлаб тадбиркорлар ва давлат ташкилотлари юристлари учун низоларни судгача ҳал қилиш, уларни камайтириш ва суд жараёни бўйича ўқувлар ўтказилади.
Бир ойда процессуал қонунчилик таҳлил қилиниб, қайси ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш ва муддатларни қисқартириш мумкинлиги юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Давлатимиз раҳбари маҳаллалар ободлиги ҳар бир инсоннинг меҳнати ва дахлдорлиги билан яратилишини таъкидлади.
Маҳалла фаоллари ва нуронийлар кўчаларни обод қилиш, ариқларни тозалаш, хонадонлар атрофига дарахт ва гуллар экишда бош-қош бўлиши муҳимлиги қайд этилди. Бу ёшларда ҳам ўз маҳалласи, кўчаси ва юртига меҳр ҳамда масъулиятни кучайтиради.
Келгуси йил Андижонда 100 та маҳаллага “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни олиб кириш режасини тайёрлаш топширилди.
Мамлакатимиз етакчиси андижонликларга хос ташаббускорлик, меҳнатсеварлик ва натижага интилиш ушбу мақсадларга эришишда мустаҳкам таянч бўлишига ишонч билдирди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг ахбороти тингланди, андижонликлар билан мулоқот қилинди.