Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркияда турмуш қуришга мажбурлаш, жисмоний зўравонлик ва мажбурий меҳнатга дуч келгани ҳақида хабар берган 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги ва Миграция жамғармаси кўмагида Ватанга қайтарилди.
Консуллик маълумотига кўра, қиз Туркияга ўқиш баҳонасида олиб кетилган.
Кейинчалик у дипломатик ваколатхонага ёрдам сўраб мурожаат қилган ва бошидан кечирган зўравонликлар, шунингдек, уни турмуш қуришга мажбурлашга уринишлар ҳақида маълум қилган.
Бош консуллик адвокатларни жалб этиб, фуқарога консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатди. Миграция жамғармаси кўмагида қизни Ўзбекистонга қайтаришга муваффақ бўлинди.
Қизнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, уни ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик жиҳатдан ҳимоя қилиш масалалари тегишли ташкилотлар назоратига олинди.
Хорижда ишлаётган ва зўравонлик, мажбурий меҳнат, камситиш ёки оғир моддий аҳволга дуч келган Ўзбекистон фуқароларига дипломатик ваколатхоналар ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, ёрдам сўраш тавсия этилмоқда.