Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг муҳим минераллари бўйича минтақавий альянсни яратишни жадаллаштириш ва унинг амалий фаолиятини Марказий Осиёдаги критик минераллар захираларининг Ягона рақамли харитасини ишлаб чиқишдан бошлашни таклиф қилди. Давлат раҳбари бу ташаббусни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Mуҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни ташкил этиш ташаббуси аввалроқ Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди. Саммитда сўзга чиққан Мирзиёев критик минералларнинг аҳамияти жадал ошиб бораётганини қайд этиб, минтақа мамлакатларининг бу соҳада биргаликда ҳаракат қилиши зарурлигини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, захираларнинг ягона рақамли харитаси альянс доирасидаги ишларнинг дастлабки амалий қадамларидан бири бўлиши мумкин. Бундай ресурс Марказий Осиёнинг салоҳияти ҳақида янада тўлиқ тасаввур шакллантириш ва халқаро инвесторларга минтақа мамлакатларининг критик минераллар йўналишини биргаликда ривожлантиришга тайёрлигини намойиш этиш имконини беради.
«Бу ерда бизга биргаликда ҳаракат қилиш муҳим», — деди Мирзиёев.
Mуҳим минераллар бўйича ташаббус Ўзбекистон Президентининг минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган кенг таклифлар пакетига кирди. Улар орасида қўшма саноат ва технологик занжирларни яратиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник қўллаб-қувватлаш платформасини ташкил этиш ҳамда Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузишни жадаллаштириш таклифлари бор.
Мирзиёев, шунингдек, бир нечта мамлакат корхоналарининг ягона ишлаб чиқариш занжирида иштирок этишини назарда тутувчи «олтита иқтисодиёт — битта маҳсулот» формуласини амалий мазмун билан тўлдиришни таклиф қилди.
Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви илк бор Озарбайжон иштирокида ўтказилди. Учрашув якунларига кўра, бир йил давомида Туркманистон амалга оширган форматга раислик Озарбайжонга ўтади.