Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 октябрь куни Самарқандда Welcome & Orientation кириш сессияси бўлиб ўтди. У АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги Америка делегациясининг ташрифи доирасида C5+1 бизнес-дастурига старт берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Тадбир вазирлик ва Америка–Ўзбекистон савдо палатаси иштирокида ташкил этилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов инвестициявий ва технологик ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди ҳамда идора қўшма ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашишга тайёр эканини тасдиқлади.
Бизнес-дастурда 400 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида 100 дан зиёд Америка компанияси, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан қарийб 100 та компания ва Ўзбекистоннинг 200 та корхонаси бор.
Иштирокчиларга АҚШ Савдо вазири ёрдамчиси Дэвид Фогель табрик сўзи билан мурожаат қилди. Wabtec, Franklin Templeton, Traxys ва Aquatech компаниялари раҳбарлари ҳам ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрларини тақдим этдилар.
Дастур олтита йўналишни қамраб олади: рақамли технологиялар; таълим ва соғлиқни сақлаш; минерал ресурслар; энергетика ва транспорт; қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик; молия ва инвестициялар.
Тадбир доирасида B2B форматида компаниялар ўртасида, шунингдек, бизнес ва давлат тузилмалари ўртасида ҳамкорликни назарда тутувчи B2G форматида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш режалаштирилган.