Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио «C5+1» вазирлар учрашуви доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон ва АҚШ: асрлар ва қитъалар оша муштарак тарих» кўргазмасида иштирок этди.
Экспозиция икки халқ ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларга бағишланган. Намойиш этилган материаллар орасида Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий мероси, Эдгар Аллан По томонидан Амир Темурга бағишлаб ёзилган шеърлар тўплами, шунингдек, америкалик сайёҳларнинг Ўзбекистон ҳақидаги асарлари ва бошқа тарихий далиллар ўрин олган.
Кўргазманинг алоҳида қисми Тошкент ва Сиэтл шаҳарлари ўртасида 1973 йилда ўрнатилган биродарлик муносабатларига бағишланган. Намойиш этилаётган материаллар Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ўртасидаги дўстликнинг тарихий асосларини таъкидлашга қаратилган.
Ташкилотчилар фикрича, муштарак тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштириш ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга ҳамда илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши мумкин.