Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда тадбиркорлар манфаатларини ифодалаш ва соҳадаги долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида доимий фаолият юритувчи иссиқхона хўжаликлари ассоциациясини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ушбу ташаббус Савдо-саноат палатаси иштирокида иссиқхона бизнеси вакиллари билан ўтказилган учрашувда муҳокама қилинди.
Янги тузилма тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатларини тўплайди, уларни масъул идораларга етказади ҳамда соҳавий ташкилотлар билан биргаликда муаммоларга ечим топишга кўмаклашади.
Учрашувда иссиқхона хўжаликларининг кейинги фаолияти учун яратиладиган шарт-шароитларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 22 октябрдаги қарорига мувофиқ, корхоналар экологик талабларга риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.
Бунда аввал ўрнатилган фильтрлар амалдаги меъёрларга мувофиқ бўлса, иссиқхона хўжаликлари уларни алмаштириши талаб этилмайди.
Тадбиркорлар зарур сертификат ва рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирда, ўзларидаги ускуналардан фойдаланишлари мумкин.
Ассоциацияни ташкил этишдан мақсад иссиқхона хўжаликлари билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳа муаммоларини тезкорлик билан кўриб чиқишга кўмаклашишдан иборат.