Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йил 1 январдан бошлаб биноларни бошқарувчи ташкилотлар лифтларга камида ойига бир марта техник хизмат кўрсатилишини таъминлаши шарт.
Лифтларни рўйхатдан ўтказиш, уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартномаларни тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш натижаларини расмийлаштириш ва сақлаш ягона идоралараро электрон «Хавфсиз лифт» платформаси орқали амалга оширилади.
Мазкур тартиб 2026 йил 22 октябрдаги 588-сонли ҳукумат қарори билан тасдиқланган Лифтлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги низомда белгиланган.
Лифтлар ваколатли орган томонидан бепул рўйхатдан ўтказилади. Дастлабки техник кўрик натижалари ижобий бўлган тақдирда, лифт икки иш куни ичида рўйхатга олинади ва буюртмачига QR-кодли маълумотнома берилади.
Лифт кабинасининг кўзга ташланадиган жойига белгиланган намунадаги идентификация рақами ҳамда QR-кодли рўйхатдан ўтказиш маълумотлари жойлаштирилиши керак. Шунингдек, бинони бошқарувчи ташкилот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг номи, манзили ва алоқа маълумотлари ҳам кўрсатилиши шарт.
Юк кўтариш қувватидан қатъи назар, йўловчи лифтларида қурилиш материаллари ва қурилиш чиқиндиларини ташиш тақиқланади.
Шунингдек, лифт ўлчамларига мос келмайдиган буюмлар, портловчи, тез алангаланувчи, радиоактив ва ўта заҳарли моддаларни ташишга ҳам йўл қўйилмайди. Электрон платформа орқали харид қилинмаган ва ўрнатилмаган лифтлар ҳамда эҳтиёт қисмларидан фойдаланиш ҳам тақиқланади.
Лифтни ўрнатган ташкилот фойдаланишга топширилган ҳар бир лифт учун камида уч йиллик кафолат бериши шарт. Кафолат муддати давомида таъмирлаш ва эҳтиёт қисмларини алмаштириш ишлари 15 кундан ортиқ давом этмаслиги керак.
Агар лифтга қизил рангли ахборот табличкаси ўрнатилган ва ундан фойдаланиш тақиқланган бўлса, ушбу даврда техник хизмат кўрсатилмайди.
Хизмат кўрсатувчи ташкилот бундай давр учун биноларни бошқарувчи ташкилотдан ойлик тўлов талаб қилишга ҳақли эмас.
Лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларни реестрга киритиш онлайн хабарнома юбориш орқали бепул амалга оширилади.