Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган Испания — Ўзбекистон бизнес-форумининг биринчи куни якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Тадбирда икки мамлакат вакиллари, ишбилармон доиралар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Испания Қироллигидан форумга 20 га яқин компания вакиллари ташриф буюрди. Вазирлик маълумотларига кўра, мазкур майдон савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, янги инвестиция имкониятларини муҳокама қилиш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилашга қаратилган.
Очилиш маросимида иштирокчилар Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, аграр сектор имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Шундан сўнг томонлар қишлоқ хўжалигининг бугунги ҳолати, соҳада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини атрофлича кўриб чиқди. Тақдимотларда аграр секторнинг долзарб вазифалари, мавжуд муаммоларни бартараф этиш механизмлари ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Форум доирасида Испания компаниялари вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида ҳамкорлик қилиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Минерал ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш, шунингдек, тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган замонавий ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари тупроқни дезинфекция қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, илғор технологиялар ва ушбу соҳадаги инновацион ишланмаларни ўзлаштириш бўйича фикр алмашди. Испания компаниялари тажрибасидан фойдаланиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.