7
Ўзбекистон

Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюради ва АҚШ бизнес вакиллари билан учрашади

Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюради ва АҚШ бизнес вакиллари билан учрашади
Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюради ва АҚШ бизнес вакиллари билан учрашади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишади.

Эртаси куни, 19 октябрь куни давлат раҳбари Америка-Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгаши йиғилишида иштирок этади.

Шу кунларда Ўзбекистонга АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам ташриф буюради. АҚШ Давлат департаментининг 13 октябрдаги баёнотига кўра, унинг Ўзбекистон ва Ҳиндистонга сафари 17 октябрдан 22 октябргача давом этади. Ташриф дастуридан Самарқанд, Мумбай ва Жамнагар шаҳарлари ўрин олган.

Самарқандда Рубио АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади. Ушбу ҳамкорлик механизми 2015 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

АҚШ ташқи сиёсат идораси баёнотида қайд этилишича, учрашув иштирокчилари C5+1 доирасидаги стратегик ҳамкорликнинг АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатларида тинчликни мустаҳкамлаш ҳамда фаровонликни таъминлашдаги ўрнини муҳокама қилади. Сафари давомида Рубио минтақа давлатлари вакиллари билан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказади.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Давлат котиби билан бирга Ўзбекистонга Америка йирик бизнесининг 200 дан ортиқ вакили ҳам келади. Вашингтонда ушбу ташриф АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига умид қилинмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.