Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжат 12 октябрь куни қонунчиликнинг миллий базасида эълон қилинди. Унга мувофиқ, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимовга таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги қатор идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ваколатлари юклатилди.
Турдимов ушбу лавозимга 9 октябрь куни тайинланган эди. Бунга қадар у Сирдарё вилоятига раҳбарлик қилган.
Фармонга кўра, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ўз ваколати доирасида таълим, фан ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари фаолиятини мувофиқлаштиради.
Турдимовга бириктирилган идоралар рўйхатига Таълим ва фан вазирлиги ҳамда унга бўйсунувчи, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, профессионал таълим, инновацион ривожланиш, билим ва малака даражасини баҳолаш учун масъул тузилмалар киритилди.
Шунингдек, унинг мувофиқлаштируви доирасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Клиник аудит инспекцияси киритилди.
Ички ишлар вазирлиги Бош вазирнинг биринчи ўринбосари билан таълим муассасаларида, шунингдек, ўқувчи ва талабалар орасида ҳуқуқбузарликлар ҳамда зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.
Ёшлар ишлари агентлиги таълим, касб-ҳунар ўрганиш ва ёшларни тарбиялаш масалалари бўйича ишларда иштирок этади. Идоралар рўйхатига Фанлар академияси ҳам киритилган.
Бошқа вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар Турдимов билан таълим, фан ва соғлиқни сақлашга тааллуқли вазифалар доирасида ҳамкорлик қилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари учун ҳам тегишли ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш йўналишлари белгиланган.
Фармонда Давлат хавфсизлик хизмати билан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, ёшларни жиноий гуруҳларга жалб қилиш, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш алоҳида белгилаб қўйилган.
Миллий гвардия ўқувчи ва талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларига жалб этилади.
Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида таълим, фан ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича 12 штат бирлигидан иборат котибият ташкил этилади.
Унинг беш нафар ходими Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича бўлимидан ўтказилади. Қолган еттита штат бирлиги мактабгача ва мактаб таълими, шунингдек, олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари қайта ташкил этилиши муносабати билан уларнинг штатларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича бўлими Маданият ва спорт масалалари бўйича бўлим деб қайта номланади. Ҳукумат ижро этувчи тузилмасидаги бошқарув ходимларининг умумий сони 243 нафар этиб белгиланди.
Ҳукуматга икки ҳафта муддатда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазирининг функционал вазифаларини ҳамда унинг котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилиш топширилди.
12 октябрь куни Янги Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Мирзиёев Турдимовнинг тайинланиши сабабларини тушунтирди. Президентнинг айтишича, олий таълим муассасалари сони кўпайиши фонида олий таълим сифати пасайиб бораётгани уни ташвишга солмоқда.
«Мен энг кўп ишонадиган инсонни олиб келиб, таълим вазири этиб тайинладим. Чунки олий таълим муассасалари сони кўпайди, аммо сифат пасайди. Бу мени жуда қаттиқ ташвишга солмоқда», — деди давлат раҳбари.
Мирзиёев, шунингдек, Турдимов илгари тўртта вилоятга раҳбарлик қилганини таъкидлади ва унга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақоми берилишини таълимга алоҳида эътибор қаратиш зарурати билан изоҳлади.
«Мен унга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомини бежиз бермадим — таълимга катта эътибор қаратиш учун. Энди давлатнинг тиббиёт ва таълимга муносабати бутунлай ўзгаради», — дея таъкидлади президент.