Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бош прокурорлари терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув имзолади.
Ҳужжат иштирокчи давлатлардан бирида террористик ёки экстремистик деб топилган шахслар ва ташкилотлар ҳақида тезкор маълумот алмашишни назарда тутади.
Келишув доирасида томонлар давлат суверенитетига эҳтимолий таҳдидлар ва тайёрланаётган террористик ҳужумлар ҳақида ҳам бир-бирини хабардор қилади.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши террористик фаолиятга алоқадор шахслар ҳақида маълумот алмашиш билан боғлиқ. Хусусан, гап хорижлик жангарилар ҳамда ўз келиб чиқиш мамлакатларига қайтаётган шахслар ҳақида бормоқда.
Шунингдек, уларнинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш кўзда тутилган.
Келишув трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини ҳам қамраб олади. Томонлар одам савдоси, қурол-яроғ ва гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахслар, шунингдек, ноқонуний миграцияни ташкил этувчилар ҳақида маълумот алмашиш ниятида.
Келишувлар олти давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро манфаатдорлик уйғотувчи ишлар бўйича маълумот алмашишни тезлаштиришга қаратилган.