Ўзбекистон

Корея Ўзбекистонга 50 та сиқилган газда ишлайдиган трактор топширди

Корея Ўзбекистонга 50 та сиқилган газда ишлайдиган трактор топширди
Корея Ўзбекистонга 50 та сиқилган газда ишлайдиган трактор топширди / Фото: Инновацион ривожланиш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — InnoWeek–2026 халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Жанубий Кореянинг TYM компанияси илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари ва Ёшлар технопаркига сиқилган табиий газда (КПГ) ишлайдиган 50 та қишлоқ хўжалиги тракторини беғараз топширди.

Техника Ўзбекистонга 2022–2026 йилларда Корея Республикаси ҳукумати грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида олиб келинди.

Тақдимот маросимида таълим ва фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаева, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Вон До Ён иштирок этди.

Нотиқлар қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, экологик тоза техникалардан фойдаланиш ва икки мамлакат ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Тракторларни топшириш Ўзбекистон учун экологик тоза сиқилган табиий газ асосида қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш» лойиҳасининг муҳим босқичи бўлди.

Лойиҳа Кореянинг расмий ривожланишга кўмаклашиш (ODA) маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Уни Корея Технологияларни ривожлантириш институти (KIAT), Инновацион ривожланиш агентлиги ва «Ўзавтосаноат» АЖ амалга оширмоқда.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникасини сиқилган табиий газда ишлашга мослаштириш, ушбу йўналишда илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва маҳаллий муҳандислик салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.

Лойиҳа доирасида Чирчиқ шаҳридаги «АгроТех» қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери ҳудудида тадқиқот маркази учун бино қурилиши якунланди. Марказни жиҳозлаш учун умумий қиймати 6,5 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган замонавий ускуналар етказиб берилди.

50 нафарга яқин маҳаллий мутахассис Кореянинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида таълим олиб, малакасини оширди.

Корея тракторлари TYM мутахассислари иштирокида «АгроТех» кластери ҳудудида дала синовларидан ўтказилди. Бундан ташқари, улар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Илмий синовлар ва сифат назорати марказида ҳам текширилди. Синовлар натижасида техника тегишли сертификатга эга бўлди.

Лойиҳани 2026 йилда якунлаш режалаштирилган.

Унинг натижалари қишлоқ хўжалиги техникасини экологик тоза ёқилғига ўтказиш, янги муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга хизмат қилиши керак.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.