7
Иқтисод

Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Ўмон бозорида тақдим этади

Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Ўмон бозорида тақдим этади
Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Ўмон бозорида тақдим этади / Фото: Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон корхоналари ўз маҳсулотларини Ўмондаги Silal улгуржи бозорида махсус павильонда тақдим этишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Музокаралар ўзбек экспорт компаниялари вакилларининг 2026 йил 15–17 ноябрь кунлари Масқат шаҳрига амалга ошираётган ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Сафар мева-сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш географиясини кенгайтириш, шунингдек, янги савдо ҳамкорларини топишга қаратилган.

Ўзбекистон делегацияси Khazaen иқтисодий зонасида жойлашган Silal бозорига ташриф буюрди. У ерда бозор раҳбарияти ҳамда ErmakPlus, Angelsey Food ва Uniagri Group компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Ўмон орқали Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига экспорт

Музокаралар иштирокчилари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Ўмонга, шунингдек, ушбу мамлакат орқали Форс кўрфази давлатлари бозорларига етказиб беришни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Silal бозари раҳбарияти ўзбек маҳсулотлари учун махсус савдо майдони ажратишни таклиф қилди. Томонлар экспорт шартномаларини тузиш бўйича ҳам музокаралар олиб борди.

Бозор ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилишга ихтисослашган лабораториялар фаолият юритади. Қўмита маълумотига кўра, маҳсулот намуналари келиб тушгач, лаборатория текширувлари ўтказилади ва Уммон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тегишли хулосаси олинади.

Хабарда таъкидланишича, бутун жараён тахминан бир соат вақт олади.

Делегация, шунингдек, бозор фаолияти ва Suhol al Fayha компаниясининг иш жараёни билан танишди. Компания мева-сабзавотларни қабул қилиш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш, шунингдек, уларни улгуржи сотиш билан шуғулланади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.