7
Спорт

Синдаров ва Гукеш тўртинчи партияда ҳам дуранг ўйнади

Синдаров ва Гукеш тўртинчи партияда ҳам дуранг ўйнади
Синдаров ва Гукеш тўртинчи партияда ҳам дуранг ўйнади / Фото: FIDE.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жавоҳир Синдаров ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу шахмат тожи учун кечаётган баҳснинг тўртинчи партиясини дуранг билан якунлади. Тўртта учрашувдан сўнг ҳисоб ҳамон тенг — 2:2.

Партия 28 ноябрь, шанба куни Женевада бўлиб ўтди. Оқ доналарда ўйнаган ҳиндистонлик шахматчи бешинчи юришдаёқ Петров ҳимоясига қарши ғайриоддий давомни — 5.Be2 юришини танлади.

Синдаров жавоб тариқасидаги 5...Nc6 юриши учун қарийб 17 дақиқа сарфлади. Стандартдан ташқари бошланишга қарамай, ўзбекистонлик шахматчи аста-секин позицияга мослашди ва дастлабки босқичдаги мураккабликлардан қочишга муваффақ бўлди.

Гукешнинг эътиборга молик қарорларидан бири 9.Qb1 юриши бўлди. Ферзнинг кўчирилиши d1 майдонини рух учун бўшатди ва b вертикали бўйлаб босим ўтказиш имконини яратди. Бундан ташқари, рақиб қисқа рокировка қилган тақдирда оқ доналар учун тактик ғоя ҳам юзага келди.

Синдаров таҳдидни англаб, отларни алмаштиришга қарор қилди — 9...Nxc3. Шундан сўнг Гукеш отни b пиёдаси билан олди ва ферз учун вертикални очди. Ўзбекистонлик шахматчи 10...Qc8 юриши билан позицияни мустаҳкамлади.

Кейинги босқичда Гукеш ферз қаноти ва марказдаги босимни кучайтиришга ҳаракат қилди. У a5 майдонидаги пиёдани олдинга сурди, ферзини фаоллаштирди ва рақиб доналарига ҳужум қилди. Синдаров эса қарши ўйин имкониятларини топиб, алмашинувлар орқали позицияни соддалаштиришга интилди.

Бир қатор алмашинувлардан кейин тахтада ферзлар, филлар ва пиёдалар қолди. 23-юришда Синдаров бир пиёда ютиб олди, бироқ Гукеш 24.Bxd5+ шоҳи билан моддий мувозанатни тиклади. Бу вақтга келиб ҳиндистонлик шахматчи вақт танқислигини ҳис қила бошлади.

Биринчи вақт назорати олдидан Гукешнинг кейинги 15 юриш учун тахминан 10 дақиқаси қолган бўлса, Синдаровда қарийб 23 дақиқа бор эди.

Ҳиндистонлик шахматчи ферзларни алмаштириб, позицияни соддалаштиришдан бош тортди ва ҳужум қилиш имкониятларини излашда давом этди. Бироқ Синдаров аниқ ҳимояланди. 27-юришда филлар алмашилганидан кейин ҳар икки шахматчида биттадан ферз ва тўрттадан пиёда қолди.

Партиянинг якуний қисмида Гукеш рақиб шоҳига бир неча марта шах берди, аммо ҳал қилувчи устунликка эриша олмади. Натижада шахматчилар дурангга келишди.

Шундай қилиб, баҳсдаги тўртала партия ҳам дуранг билан якунланди. Жаҳон чемпионлиги учун курашда ҳозирча рақибларнинг бирортаси устунликка эга бўлгани йўқ.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.