7
Иқтисод

Сенат фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш тизимини баҳолади

Сенат фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш тизимини баҳолади
Сенат фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш тизимини баҳолади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенати табиий, техноген ва экологик хусусиятга эга фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ҳолати юзасидан парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди.

Масала Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлисида муҳокама қилинди. Кўриб чиқиш якунлари бўйича сенаторлар тегишли қарор қабул қилди.

Парламент сўрови доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ягона мониторинг ва прогнозлаш тизимини ишга туширди. У 42 та вазирлик, идора ва ташкилотни қамраб олган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 июндаги 328-сон қарори билан тизимни янада такомиллаштириш назарда тутилган. Шунингдек, 2027 йил 1 январдан мониторинг ва прогнозлаш учун масъул мутахассисларнинг штат лавозимларини жорий этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 18 та вазирлик ва ташкилотнинг регламентлари тасдиқланган. 142 та махсус тактик ўқув машғулоти ўтказилган, дарёлар ва сув оқимлари ўзанларининг 41 450 погон метр қисми тозаланган. 79 та сув объектида муҳандислик-техник ишлар бажарилган.

Хавфли ҳудудлар ва турар жойларда 8 мингдан ортиқ текширув ўтказилган.

Шу билан бирга, сенаторлар хавфли жараёнларни илмий асосланган ҳолда прогноз қилиш, сунъий интеллект ва моделлаштириш технологияларини қўллаш, шунингдек, прогнозларнинг ишончлилигини таъминлаш борасида камчиликлар мавжудлигини қайд этди.

Мониторинг ва прогнозлаш вазифаларининг ходимлар зиммасига қўшимча юклама сифатида юклатилиши тизим самарадорлигини пасайтириши таъкидланди.

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар хавф-хатарларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ҳамда масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровида кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишларни давом эттириш тавсия қилинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.