Спорт

Ли Сенман 2026 йилги дрифт бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди

Ли Сенман 2026 йилги дрифт бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди
Ли Сенман 2026 йилги дрифт бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди / Фото: UZMAMF.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилги мавсум якунларига кўра, Ли Сенман дрифт бўйича Ўзбекистон чемпионига айланди. У 445 очко жамғарди.

Иккинчи ўринни Диёбек Шодиев 426 очко билан, учинчи ўринни эса Дилшод Юсупов 353 очко билан эгаллади.

Мусобақа якунлари 21–22 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Сурум қўрғонидаги Drift Arena трассасида бўлиб ўтган Очиқ чемпионатнинг иккинчи босқичидан сўнг сарҳисоб қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий автомобиль ва мотоцикл федерацияси (UZMAMF) матбуот хизмати хабар берди.

Федерация ташкил этган босқичда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган пилотлар иштирок этди. Қозоғистон номидан Мария Киселева, Қирғизистон номидан эса Тимур Губаев ва Владимир Комиссаров қатнашди.

Босқич саралаш ва жуфтлик пойгаларидан иборат бўлди. Саралашда ҳар бир пилотга учта уриниш имконияти берилди. Ҳакамлар ҳаракат траекторияси, ёнлама сирпаниш бурчаги ва бошқарув услубини баҳолади. Саралашдаги ўрин эса энг яхши уриниш натижасига кўра белгиланди. Саралашда энг яхши натижани Ли Сенман қайд этди.

Иккинчи босқичнинг мутлақ ҳисобида Қирғизистон вакили Тимур Губаев ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни Диёбек Шодиев, учинчи ўринни эса Ли Сенман эгаллади. Миллий ҳисобда биринчи ўрин Диёбек Шодиевга, иккинчи ўрин Ли Сенманга, учинчи ўрин эса Дилшод Юсуповга насиб этди.

Ташкилотчилар махсус номинациялар бўйича ҳам мукофотларни топширди.

«Энг тутунли пойга» мукофоти Қозоғистон вакили Мария Киселевага, «Куннинг аварияси» номинацияси бўйича мукофот Руслан Шаҳдиловга берилди. «Ғалабага бўлган ирода» номинациясида эса Фаррух Урунов ғолиб бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.